Абу Али ибн Сино Болоньяда: “Тиб қонунлари”нинг ноёб қўлёзмаси

Бухоролик буюк олим ва табиб Абу Али ибн Сино жаҳон тиббиётининг ривожланишига улкан таъсир кўрсатган. Унинг асосий асари – “Тиб қонунлари” ўрта асрларда тиббиётнинг энг нуфузли энциклопедияларидан бири сифатида тан олинган ва Европа университетларида ўқитилган.

Бу мероснинг энг нодир ёдгорликларидан бири Италиянинг Болонья кутубхонасида сақланаётган “Қонун”нинг иврит (яҳудий) тилидаги таржимасидир. XIII асрга оид ушбу қўлёзма ислом олами илм-фани ва ўрта асрлар Европаси ўртасидаги муҳим боғловчи бўғинга айланди. У туфайли буюк олимнинг асарлари лотин, кейинчалик итальян тиббиётчиларига етиб борди.

Ибн Сино “Қонун”да 760 дан ортиқ дориларни тавсифлаган, ташхис қўйиш ва даволаш тамойилларини тизимлаштирган, тиббий этика асосларини яратган. Унинг организмга яхлит тизим сифатида ёндашуви замонавий тиббиётнинг кўплаб ғояларини олдиндан айтиб берди.

Қўлёзманинг Болоньяда сақланиши Ўзбекистон заминида туғилган илм жаҳон цивилизацияси мулкига айланганининг ёрқин далилидир. Бугунги кунда Ибн Сино асарлари бутун дунё олимлари ва шифокорларини илҳомлантиришда давом этмоқда.

Материал "Ўзбекистон маданий мероси Италия тўпламларида" (32-жилд, "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" туркуми) китоби асосида тайёрланди. Китоб-альбом World Society for the Study, Preservation and Promotion of the Cultural Legacy of Uzbekistan (WOSCU)халқаро лойиҳаси доирасида чоп этилган. Китоб билан кутубхоналар, музейлар ва лойиҳанинг расмий веб-сайтида танишиш мумкин: www.woscu.org .

WOSCU ахборот хизмати