Амир Темур ясатган 600 йиллик дошқозон нусхаси тайёрланади

1399 йил 25 июнда, яъни 801 ҳижрий йилнинг 20 шавволида Амир Темур фармони билан улкан бронза дошқозон ишланган. Бу маълумот қозон танасидаги эпиграфик ёзувда аниқ қайд этилган.

Қозон нафақат амалий металл ишлаш санъатининг ёрқин намунаси, балки исломий эътиқод, сўфийлик анъаналари ва Темурийлар давридаги маданий жараёнларнинг бирлашуви сифатида ҳам кўрилади.

Қозон баландлиги 1,62 метр, диаметри 2,42 метр, ичига 3000 литргача сув сиғади, тахминий оғирлиги эса 2 тонна. Идишга "Барака топсин" ибораси форс тилида 10 марта, "Ҳокимият Аллоҳникидир" ибораси арабча куфий хатида 22 марта ёзилган. Юқори тасмасида эса Қуръон ва ҳадислардан иқтибослар келтирилган.

Маълумотларга кўра, ушбу улкан қозонда жума кунлари ширин сув (баъзи манбаларда таом) пиширилиб, халққа эҳсон сифатида тарқатилган. Бу амалиёт сўфийликдаги барча инсонларни бир идишдан насибаланиш рамзини ифода этган.

Ҳозирда Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида жойлашган Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасида сақланаётган 600 йиллик мазкур дошқозон нусхаси Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин олиши кутилмоқда.