Россиялик сайёҳ ва дипломат Семён Маленькой 1695 йилда Буюк Бобурийлар сулоласи пойтахти — Деҳлида, султон Аврангзебнинг саройида меҳмон бўлиб, давлат бошқаруви, маданий ҳаёт ва одатлар билан танишади. Сафарномасига бир муҳим ҳужжатни ҳам киритади. Бу – туркий (эски ўзбек) тилда ёзилган фармон эди.
Маленькойнинг ёзувларида айтилишича, Аврангзеб саройида эски ўзбек тили асосий расмий тил сифатида кенг қўлланилган ва давлат ишлари шу тилда юритилган. Унинг сафарномасида айнан шу даврда чиқарилган туркий (ўзбек) тилидаги бир фармон нусхаси ҳам келтирилган.
Бу нусха кейинчалик Россияга олиб кетилган ва ҳозирда Россия ташқи ишлар вазирлигининг марказий архивида сақланмоқда.
Албатта, ушбу тарихий манба ҳам сиёсий ҳужжат, ҳам маданий мерос сифатида катта аҳамиятга эга. XVII аср охирларига қадар ҳам Бобурий сулоласи ўз илдизларини унутмаганини, ўз она тилини давлат бошқарувининг асосий воситаси сифатида сақлаб қолганини кўрсатади.
Аврангзеб даврида яратилган бу каби моддий ва маданий ёдгорликлар, кашфиётлар, илм-фан, санът ва маданият дурдоналари билан тез орада Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида яқиндан танишиш мумкин бўлади.