Бобурийлар сулоласининг “Мариам Маконий”си – Ҳамида Бону портрети

Ҳозирда Лондондаги Британия музейида сақланаётган ушбу миниатюра тахминан 1560 йилда Агра шаҳрида яратилган. Унда бобурийлар сулоласи тарихида ўзига хос мавқега эга бўлган аёллардан бири Ҳамида Бону Бегим (1527 – 1604)нинг мажозий портрети акс этган.

Мажозий портретда Ҳамида Бону фаришта қиёфасида тасвирланган. Парининг сурати устидаги ва пастдаги форсча шеърларда унинг ҳусни-жамоли хитой гўзалларига ўхшатиб тавсифланган, чунки форс адабиётида ва маданиятида Хитой санъати идеал ва мукаммаллик тимсоли сифатида талқин қилинган.

Миниатюра “Акбар мураққаси”нинг бир бўлагидир. Тахминларга кўра, Ҳамида Бону томонидан ўғли Акбар подшоҳга шоҳона совға сифатида тайёрланган бўлиши ҳам мумкин.

Ҳамидабону гарчи форсийзабон оилада таваллуд топган бўлса-да, Шарқ миниатюралари анъаналарига мувофиқ, туркий асилзодаларга хос кўринишда тасвирланган. Яна бир миниатюрада у думалоқ, оппоқ юзли, бодомқовоқ, хиёл қисиқ кўзли кўринишда тасвирланган. Қўлларига ҳинд удумларига мос равишда хинадан нақш (мехенди) солинган.

Рассом Ҳамидабонунинг зеб-зийнатларига алоҳида эътибор қаратган. Бошидаги рўмол тиллақошга бириктирилган. Бўйнидаги зебигардон, қулоғидаги балдоқлар ҳам аёлга асилзодаларга хос улуғворлик бағишлаган. Ўнг қўлида гул, чап қўлида рўмолча ушлаганча, ўнг тарафига эгилиб, бироз хаёлчан ҳолда ўтириши Ҳирот услубига хос бир кишилик портретларни эсга солади. Қора рангли кўйлак устидан сарғиш тусдаги енги калта мурсак кийган.

Умуман олганда, миниатюра нафақат бир зодагон аёлнинг портрети, балки тарихнинг зодагонларга мансуб хотин-қизлари ўрнини, уларнинг сиёсий жараёнларга таъсирини намоён қилувчи бадиий ва маданий ҳужжат ҳисобланади.

Маълумот учун:

Ҳамидабону Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўғли Ҳумоюнга турмушга чиққан ва 1542 йилда Жалолиддин Муҳаммад Акбарни дунёга келтирган. Кейинчалик ўғлига сиёсий маслаҳатчи сифатида хизмат қилган.

Ҳамидабонуга “Мариам Маконий” (поклик ва оналик рамзи) унвони берилган.

Унинг ҳаёти тафсилотлари Ҳумоюннинг синглиси Гулбадан Бегим томонидан ёзилган “Ҳумоюннома” асарида ҳамда ўғли Акбар даврида ёзилган “Акбарнома” ва “Айн-и-Акбарий” да ҳам учрайди.

Таништирилган мазкур икки асар “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” туркумининг “Шарқ миниатюрасида тарихий шахслар” китоб-альбомидан жой олган.