Дис мураққалари илдизлари Истанбулга бориб тақалиши туфайли Сарой мураққалари номи билан ҳам маълум. Умумий ҳисобда 450 номдаги қимматли маълумотларни жамлаган мураққалар китобат санъати равнақини ўрганишда алоҳида аҳамиятга эга.
Мураққаларда берилган намуналарнинг катта қисми мўғуллар ёки илхонийлар ҳукмронлиги давридаги Эронга доир, дейиш мумкин. Шунингдек, темурийлар даврига тегишли намуналар ҳам бор. Мураққаларда нафақат миниатюра ва расмлар, балки каллиграфия, ксилография (ёғочга ўйма нақш солиш) намуналари ҳам берилган. Баъзи миниатюралар анча аввал яратилган безакли қўлёзмалардан олинган, бошқалари эса қандайдир буюм ёки маҳсулотларга кўчириб ўтказиш учун хомаки нусха, андоза вазифасини бажарган. Умуман олганда, Дис мураққалари Марказий Осиё санъати ва адабиётини ўрганиш учун кўмаклашишда муҳим аҳамиятга эга.
Мураққаларнинг мавжудлиги 1956-йилгача илм-фанга маълум бўлмаган. 1964-йилда мураққаларнинг барча материаллари «Сарой мураққалари» номи билан чоп этилган.
Амалдор курсида, чап оёғини буклаган ҳолатда ўтирибди. Ўнг қўлида тиззасида ётган матони ушлаб олган. Либосининг кўкрак ва елка қисмлари ёрқин рангли кашта ёрдамида паға-паға булутлар ва иккита бирбирига қарама-қарши турган аждарҳо тасвири билан безатилган. Бел қисмига белбоғ боғланган. Белбоғ ичкарисидан ханжар суқиб қўйилган.
Мўйнали қалпоқ остидан боққан ҳорғин кўзлари, ихчам, бироз эгик бурни, кичик оғзи, дўмбоқ ёноқлари ва бақбақалари рассом томонидан идеаллаштирилган образ бўлса-да, портретга ўхшатишга ҳаракат қилинган.