Хориж музейларидаги Ўзбекистонга оид экспонатлар қайтарилади

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан “Исломдан аввалги давр цивилизациялари” лойиҳаси доирасида дунёнинг турли музейларида сақланаётган экспонатларнинг асл нусхаларини олиб келиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Марказ ахборот хизмати хабар қилди.

“Япониядаги музейлардан тортиб Париждаги машҳур Лувр музейигача сақланаётган кўплаб экспонатлар бизнинг минтақа цивилизациялар даври билан бевосита боғлиқ. Шу сабабли ҳам бу тарихни қайта тиклаш, уларни Ўзбекистонга қайтариш ташаббуси илгари сурилмоқда”, дейилади хабарда.

Лойиҳанинг муҳим жиҳати шундаки, экспонатлар нафақат кўргазма учун, балки чуқур илмий изланишлар, таълим ва маданий тадбирлар асосида кенг аудиторияга тақдим этилади.

Маълумот учун, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини бойитиш мақсадида 9 та йўналиш қамраб олинган бўлиб, 5 та зал экспонатлар билан бойитилади. Айни пайтда барча лойиҳалар 1-босқич жараёнида ва жорий йилнинг сентябрь ойигача музей экспозициясини тўлдириш режалаштирилган.