Шоҳи Зинда зинапояси бошланишидан ғарб тарафда икки гумбазли мақбара жойлашган. Мақбара икки хонадан, яъни зиёратхона ва гўрхонадан иборат.
Баъзи олимларнинг тахминига кўра, Мирзо Улуғбекнинг устози ва сафдоши, таниқли мунажжим Қозизода Румий ана шу ерда дафн этилган. Маҳаллий аҳоли ўртасида тарқалган ривоятларга кўра, бу ерда Амир Темурни ўз сути билан боққан энагаси Ўлжай Хотун ва унинг қизи Биби Сенаб дафн қилинган.
Зиёратхона биносининг деворлари – равоқли. Улар баланд гумбаз билан ёпилган. Гумбаз тоқи дарчаларидан ёруғ тушиб турадиган деворларда оқ фонга ишланган кўк рангли нақшлар қисман сақланиб қолган. Зиёратхона билан бир ўқда жойлашган кичкина гўрхона ичида сағана мавжуд. Гўрхонанинг ғоят баланд гумбази мураккаб нақшли муқарнаслар билан безатилган. Бу мақбара шакли ва безатилиши жиҳатидан Шоҳи Зинданинг кичик шинам мақбараларидангина эмас, балки бошқа машҳур меъморий ёдгорликларидан ҳам алоҳида ажралиб туради.
Бу мақбара Самарқандда Бибихоним масжиди, Амир Темур мақбарасининг улуғвор гумбазлари қад кўтарганидан кейин қурилган. Лекин бу иншоотларнинг ҳеч бирида Қозизода Румий мақбарасидагидек баланд гумбаз йўқ. Мақбара тепаликнинг ён бағрида қад ростлаган. Бироқ у шундай тарҳ билан бунёд этилганки, зиёратхонанинг юксак гумбази шаҳар деворининг энг баланд еридаги мақбаралар гумбазлари билан бир чизиқда туради.