Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти раиси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Ф.Абдуҳолиқов бошчилигидаги делегация вакиллари Буюк Британияга илмий сафар уюштирди.
Сафар давомида Лондондаги машҳур Сарихани коллекцияси раҳбари Али Сарихани билан учрашув ўтказилди, дея хабар берди ИЦМ ахборот хизмати.
Маълумотга кўра, Али Сарихани асли Эронда туғилган, ўтган асрнинг 70 йиллари охирида оиласи билан Лондонга кўчиб келган. Бу ерда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш баробарида ўзининг бой коллекциясига асос солган.
Сарихани коллекциясида айни пайтда Шарқ халқлари тарихига оид мингдан ортиқ ноёб экспонатлар сақланади. Улар орасида бевосита Ўзбекистон тарихи ва маданияти билан боғлиқ осори-атиқалар ҳам анчагина. Жумладан, салжуқийлар, сомонийлар, хоразмшоҳлар, темурийлар даврига оид ўнлаб қадимий экспонатлар, нодир қўлёзмалар сақланади.
Ўзбекистонга оид нодир Қуръон саҳифалари, 1438 йилда Ҳиротда, Шоҳрух Мирзо даврида яратилган “Меърожнома” асари миниатюраси, халқ амалий санъати буюмлари ўзбекистонлик тадқиқотчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Учрашувда, шунингдек, Тошкентда Али Сарихани коллекциясидаги Ўзбекистонга алоқадор экспонатлар кўргазмасини ташкил қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Делегациянинг сафари давом этмоқда.