Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти раиси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Ф.Абдуҳолиқов бошчилигидаги делегация вакиллари Лондон шаҳридаги Christie's ва Sotheby’s аукцион уйларида бўлди.
Ташриф давомида Christie's аукцион савдо уйининг Ислом ва Ҳиндистон санъати бўлими бошлиғи Сара Пламбли мазкур ташкилот тарихи ва фаолияти билан қисқача таништирди. Ташкилотда мавжуд бир қатор нодир экспонатлар, тасвирий санъат асарлари ҳақида маълумот берди.
Ушбу аукцион уйида темурийлар даври китобат санъати таъсирида яратилган “Хамса” асари, “Шамс ва Муштарий” достони, шунингдек, Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Низомий Ганжавийнинг “Хамса”, Ҳофизи Абрунинг “Мажмаъ ут таворих” қўлёзмалари сақланмоқда.
Маълумот учун, Christie's аукцион савдо уйига 1766 йилда англиялик коллекционер Жеймс Кристи томонидан асос солинган. Бугунги кунда Christie's аукцион савдо уйи франциялик миллиардер Франсуа Пинога қарашли. Париж, Милан, Москва, Нью-Йорк сингари йирик шаҳарларда мазкур аукцион уйининг ваколатхоналари бор.
Шундан сўнг, делегация вакиллари Лондондаги яна бир аукцион савдо уйи – Sotheby’sга борди. Делегацияга Sotheby’s аукцион савдо уйи Аукцион савдолари бўлими раҳбари Бенедикт Картер, савдо уйининг масъул ходими Марям Фарҳодий ҳамроҳлик қилди. Ўзбекистонлик меҳмонлар савдо уйида сақланаётган VIII асрга мансуб суғдийлар либоси, сомонийлар даврига тегишли бўлган сопол идишлар, қорахонийлар даврига тегишли кумуш кўза, қадимий биноларга оид кошинлар, мамлуклар, аббосийлар, элхонийлар ва темурийлар даврида кўчирилгани тахмин қилинган Қуръони карим қўлёзмалари, Ўзбекистон ҳудуди икки уч аср муқаддам яратилган гиламчилик ва каштачилик намуналари, Бобурийлар даври миниатюралари билан танишди.
Маълумот учун, Sotheby’s аукцион савдо уйи шу йўналишда фаолият кўрсатувчи энг йирик савдо ташкилоти саналади. Мазкур савдо уйига Лондонда 1744 йилда китоб савдогари Самюэль Бейкер томонидан асос солинган. Айни пайтда дунёнинг 10 дан ортиқ мамлакатларида ўз филиалларига эга бўлган ушбу компаниянинг бош офиси Нью-Йоркда жойлашган.