Кулолчилик (терракота пластикаси) Ўрта Осиёда қадимдан маълум бўлган, лойдан кичик шаклларни ясаш санъати. Темир асри даври бошида бу анъана илк зардуштийликда илоҳларни тасвирлаш тақиқлангани сабабли тўхтаб қолади.
Сопол ҳайкалчалар эътиқод қилиб келинган худолар ҳайкалларининг кичик нусхаси бўлган, деб ҳисобланади. Бу сопол нусхаларнинг ўзи ҳам бошқа кўп сонли ҳайкалчалар ясалишига намуна бўлган. Бироқ бора-бора ҳайкалчалар ҳажми кичрайиб, деталлари ўзгариб кетган. Қадимий ҳайкалчалар қизғиш-қўнғир рангдаги ангоб билан қопланган.
Қарийб минг йил давомида Самарқанд терракота пластика санъатининг маркази бўлган. Ёзма манбаларда шаҳарда оташпраастлар ибодатхонаси ва “маъбудлар уйи” (ҳайкаллар) бўлгани қайд этилади.
Санкт-Петербургдаги Давлат эрмитажи тўпламида бир гуруҳ буюмлар борки, уларга ўхшашларини юнон кулоллари ясаган маҳсулотлар ичидан топиш мумкин. Улар ичида аёл ва эркак тасвирланган ҳайкалчалар ҳам бор.
Аёл шаклидаги ҳайкалчалар
Самарқанддан топилган аёл шаклидаги ҳайкалчаларнинг икки тури эрамизнинг бошланиш даврига бориб тақалади. Биттаси хушқомат аёл шаклида бўлиб, этаги узун кўйлак устидан нимча, бошида ёпинчиқ, қўлида учбарг ушлаган ҳолда тасвирланган. Чамаси, у сув ва ҳосилдорлик маъбудаси – Ардвисура Анахита.
Иккинчи тур ҳайкалчаларнинг кўйлаги бурмали, юнонларнинг хитонига ўхшаган, бошида салла, қалпоқ ёки ёпинчиқ, қўлларида юмалоқ мева (анор ё олма) бор. Бу турдаги ҳайкалчаларда баъзан пастда гўдак ҳам тасвирланган. Шубҳасиз, у Суғдда катта ҳурматга сазовор бўлган Нанна. Наннага бағишлаб ибодатхоналар қурилган, уни турли санъат ёдгорликларида тасвирлашган.
Чавандоз аёлларни ифодалаган ҳайкалчалар қадимги даврнинг охири ва ўрта асрлар бошига тегишли, улар, чамаси, маъбуда чавандозлар бўлиши мумкин.
6-7 асрларда Суғдда тарқалган аёл ҳайкалчаларнинг яна бир тури йиғичи ва гўяндаларнинг тасвирларидир.
Эркак шаклидаги ҳайкалчалар
Энг кенг тарқалган эркак ҳайкалча маҳаллий кийимда, бошида учи қайрилган узун бош кийим – суғдликлар ва саклар учун урф бўлган кулоҳ кийиб олган, тик турган ёш йигит сиймосидир. Бу чўпон кўринишидаги қуёш нури худоси – Митра тасвири деган тахмин бор.
Афросиёб терракоталари ичида кўпчилигини эркак машшоқ ҳайкалчалар ташкил қилади. Улар уд, най, чилтор ёки ноғора чалаётган шаклда. Чавандозлар кўринишидаги терракоталар ҳам бор.