МИНОР МАСЖИДИ

 

 

Минор масжиди – Ўзбекистон пойтахти азим Тошкентдаги янги масжид. Анҳор бўйида жойлашган мазкур масжид йилдан-йилга ободонлашиб бораётган соҳил ҳуснига янги чирой бағишлади. Минор масжиди қурилиши 2013 йилнинг ёзида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент шаҳрининг Минор маҳалласи ҳудудида масжид барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида»даги қарори асосида бошлаб юборилган эди. 2014 йил 1 октябрда, мусулмонларнинг муқаддас Қурбон ҳайити арафасида Президент Ислом Каримов янги «Минор» масжидини очди. Масжид биноси анъанавий Шарқ ва ўзбек меъморчилиги усулида қурилди: масжиднинг бош биноси – икки қаватли хонақоҳ, иккита пештоқ, баландлиги 38 метр бўлган иккита минора қад кўтарди.

 

 

 

Масжид ҳовлисининг икки томонида миллий ёғоч ўймакорлиги услубларида безатилган устунли айвонлар бунёд этилди. Айни маҳалда пишиқ ғиштдан қурилган қадимий масжидлардан оқ мармардан 

барпо этилгани билан ажралиб туради. Ҳаво очиқ кунларда бутун иншоот порлайди, унинг нилий гумбази эса гўёки осмонга сингиб кетаётгандек туюлади. Масжид интерьери нақш услубида безатилган, меҳроби Қуръони карим оятлари билан зийнатланган. Минор масжиди айвони бўлган олд қисмга ва зарҳал меҳробли, 2400 намозхонга мўлжаллаган улкан думалоқ хонақоҳга бўлинган. Минор масжиди Тошкент ва бутун Ўзбекистон мусулмонларининг йирик диний марказларидан бирига айланди.

 

 

 

Иншоот қурилиши давлат бюджети ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилди. Минор масжидида ташриф буюрувчилар учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Таҳорат учун махсус ажратилган хоналар замонавий воситалар билан жиҳозланган. Масжиддаги барча битиклар хаттотлар – Ҳабибуллоҳ Солиҳ, Ислом Маматов ва Абдулғафур Ҳақбердиевлар тарҳлари асосида амалга оширилган.