«Маданий мерос — Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги кўприк» мавзусида медиа-тадбир. Париж, Франция

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 5 октябрь куни Франция Республикасига расмий ташрифи арафасида Парижда «Маданий мерос — Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги кўприк» деб номланган медиа-тадбир бўлиб ўтди, унда Франция ва бошқа мамлакатларнинг 60 дан ортиқ таниқли олимлари ва шарқшунослари тўпланди.

Тадбирда ЮНЕСКО Бош директорининг маданият бўйича ўринбосари Эрнесто Ренато Оттоне Рамирес иштирок этди. У ўз интервьюсида сўнгги йилларда мамлакатда моддий ва маънавий меросни асраб-авайлаш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтди.

— Сиз бутун дунёга Ўзбекистоннинг маданий мероси нафақат мамлакатда, балки бутун жаҳонда — жумладан Европа ва АҚШнинг йирик музейларида сақланаётганини намойиш этиш учун фаол иш олиб боряпсиз. Ўйлайманки, Ўзбекистоннинг ушбу масалага бўлган жиддий муносабати — тадқиқотлар, кўргазмалар ўтказиш, янги илмий тузилмалар ва лойиҳаларни яратиш кўплаб мамлакатлар учун намуна бўла олади. Тадқиқот нафақат академик билимларни, балки фарзандларимиз ва янги авлодлар учун ҳам билимларни узатиш усулидир. ЮНЕСКО Ўзбекистон билан фаол иш олиб бораётганидан жуда мамнунмиз, — деди Ренато Рамирес.

Медиа тадбирда Франция тўпламларидаги Ўзбекистоннинг маданий меросига бағишланган нутқ ва маърузалар тингланди. Масалан, лойиҳа доирасида ҳозирги кунда Франция Миллий кутубхонасида сақланаётган Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий қадимий қўлёзмалари тавсифларини ўз ичига олган китоб-альбомлар нашрга тайёрланмоқда. Шунингдек Лувр ва Франциядаги бошқа музейларда сақланаётган Ўзбекистон маданий меросининг ноёб экспонатлари тўғрисида ҳикоя қилувчи яна бир китоб ҳам нашрга тайёрланмоқда. 

Медиа тадбир давомида «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида», «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» лойиҳаларининг китоб-альбомлари ва қўлёзмаларнинг бир қатор факсимиле нусхалари ЮНЕСКО, Франциянинг етакчи музейлари ва кутубхоналари, Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонасига беғараз совға сифатида топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев: “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга бўлажак ташрифи арафасида бўлиб ўтадиган қатор тадбирларнинг биринчиси маданий меросга бағишлангани ажабланарли эмас, чунки маданий мерос икки халқнинг тарихий илдизларга бориб тақалади. Бундай маданий ва гуманитар масалалар халқлар ўртасида ҳамфикрлик ва ишончга олиб келади. Бугунги кунда Францияда икки мамлакат маданияти ўртасида кўприк вазифасини ўтайдиган улкан тадбир бўлиб ўтмоқда, бу эса жуда муҳимдир».

Ўзбекистоннинг барча давлатлар билан дўстона алоқаларни ўрнатишга ва ўз мамлакатининг маданий меросини тиклаш истагига қаратилган янги ошкоралик сиёсати ўз самарасини бермоқда.

Медиа тадбир иштирокчилари дунёга машҳур Лувр музейи, Шарқ тиллари ва цивилизациялари миллий институти (Inalko), шунингдек, Шарқ санъати миллий музейи (Гиме музейи) билан ҳамкорликда келишувларга эришдилар.

Тадбир «Ўзбекистон, сен мени мафтун этдинг!» байрамона кечаси билан якунланди. У миллий услубдаги кечки овқатни ўз ичига олди. Шунингдек, меҳмонлар Ўзбекистон санъаткорлари ва бадиий миллий жамоалари ижросидаги концертдан баҳраманд бўлишди.