Нақшларининг маъноси ҳали очилмаган "дашт" каштачилиги

Агар қишлоқ аёллари ва шаҳарлик аёллар тўй ва бошқа маросим кунларида уй ва хоналарни безатиш учун ишлатилган каштали деворпўшларни тикишган бўлса, улардан ҳеч қолишмайдиган, маҳоратли каштачи саналган дашт аёллари кашта билан гиламлар, кичик халтачалар ва либосларни безатишган...

Дунёга машҳур каштачилар сирасига ХIХ асрнинг охири ва ХХ аср бошларида Ўзбекистон жанубида, Тожикистон ва Шимолий Афғонистонда яшаб келган лақай ва қўнғирот уруғининг ўзбек аёллари ҳам киради. 

Ҳозиргача олимлар "дашт" каштачилик нақшларининг мазмунини тўлиқ очиб бера олишмаяпти. Улар орасида энг жумбоқлиларидан бири – лақайларнинг аёл гавдасига ўхшаш ўқ қопида учрайдиган, устида икки томонга тарвақайлаган бурама шох шаклидаги "қуббали (ёки гумбазли)" мотив ҳисобланади.

Ушбу мотивда қадимги туркийларнинг илоҳаси, ҳомиладор аёллар ҳомийси, тангричилик пантеонидаги асосий сиймолардан бири – Умай она билан боғлиқ белгилар яққол кўзга ташланади. Бачадон – Умай исмининг маъноларидан бири, шунинг учун ҳам бу мотивда бачадон образини кўришимиз учун етарли сабаблар бор.