Нуфузли аукцион уйлари билан ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Буюк Британиядаги “Christie’s” ва “Sotheby’s” нуфузли аукцион уйлари билан ҳамкорликни янги, стратегик ривожланиш босқичига олиб чиқмоқда. Ушбу ҳамкорлик маданий меросни асраб-авайлаш, уни халқаро миқёсда намоён этиш ва ўзбек халқининг бой тарихи ҳамда санъатини жаҳон ҳамжамиятига танитишда муҳим қадам ҳисобланади.

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти раиси, Марказ раҳбари Фирдавс Абдухолиқов “Sotheby’s” вакиллари — Марям Кало, Эдвард Гиббс ва Бенедикт Картер ҳамда “Christie’s” вакиллари — Марго Оганесян ва Сара Памбли билан учрашувлар ўтказди. Учрашувлар давомида ҳамкорлик истиқболлари, аукцион фаолиятидаги ўзаро алоқалар ва Ўзбекистон маданий меросига тааллуқли тарихий артефактларни юртимизга қайтариш масалалари муҳокама қилинди.

2025 йил 29–30 апрель кунлари “Sotheby’s”да ўтказилган савдоларда Ўзбекистон маданий меросига оид 34 та лот танлаб олинди. Шунингдек, 1 май куни “Christie’s” аукционида 14 та тарихий артефакт бўйича таклифлар берилди ва уларни расмий харид қилиш юзасидан келишувларга эришилди. Мазкур лотлар Ислом цивилизацияси маркази экспозициясига қўшилиши режалаштирилган.

Иккала аукцион уйи ҳам Ўзбекистон томони билан ҳамкорликда хайрия аукционлари ташкил этиш ташаббусини билдирди. Жорий йилнинг сентябрь ойида “Christie’s” билан ҳамкорликда халқаро хайрия аукциони ўтказилиши режалаштирмоқда. Шунингдек, Буюк Британияда "Ўзбекистон меросига оид артефактлар кўргазмасини" ташкил этиш кўзда тутилган.

Мазкур аукцион уйлари билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг бой маданий меросини асраш, глобал платформаларда уни намойиш этиш ва унинг аҳамиятини халқаро жамоатчиликка етказиш учун кенг имкониятлар яратади.