Россияда сақланаётган ўзбек мусиқасига оид фоно-архив намуналари олиб келинади

Бир асрдан зиёд вақт мобайнида Россиядаги Пушкин уйида сақланаётган «Шашмақом»га оид нодир аудиоёзувлар ва мусиқа намуналари юртимизга олиб келинади. Ушбу тарихий мерос таркибида халқ мусиқасига оид ноёб фоно-архив материаллари мавжуд. 

XVIII асрда Бухорода шаклланган мақомлар туркуми, ўзбек ва тожик халқлари маданий меросининг энг муҳим қисмларидан бири ҳисобланади. Унинг таъсирида Хоразм мақомлари, Фарғона-Тошкент мақом йўллари каби турли мусиқий анъаналар ривожланган. 

Ўзбекистонда «Шашмақом»га оид ноёб қўлёзмалар, грампластинкалар ва санъат намуналари турли музейлар ва санъат уйларида сақланади. Россиядан келтириладиган фоно-архив эса бу бойликни янада тўлдиради ва мусиқа санъати тараққиёти учун янги имкониятлар яратади. 

Ўзбек композиторлари ва бастакорлари ҳозир ҳам «Шашмақом»дан илҳомланиб ижод қилишда давом этмоқда. Ушбу мусиқа анъанаси нафақат ўтмиш маданий мероси, балки миллий санъатимиз келажагини ҳам шакллантирувчи қимматли бойликдир. 

Айни пайтда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ушбу нодир меросга катта эътибор қаратиб, махсус ҳужжатли фильмлар ва видеоконтентлар тайёрлашни режалаштирган. Шунингдек, Марказ экспозициясида ушбу ноёб мусиқа намуналарини доимий равишда намойиш этиш кўзда тутилган.