Марказий Осиёнинг қадимий тарихий-маданий ўлкаси бўлган Суғдиёна барча даврларда ҳам халқаро савдо, илм-фан ва санъат маркази ҳисобланган. Илк ўрта асрлар даврида суғдийлар Шарқ ва Ғарб ўртасида асосий воситачига айланиб, Буюк Ипак йўли бўйлаб товарлар, ғоялар ва маданий бойликларнинг ҳаракатланишини таъминлаган. Уларнинг таъсири Хитойдан Византиягача чўзилиб, жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган.
Суғдийлар нафақат моҳир савдогар, балки ажойиб ҳунарманд сифатида ҳам машҳур эди. Улар ўзларидан сўнг саройларнинг ажойиб деворий суратларини, металл, мато, оссуарий ва ҳашаматли сағаналарни қолдирган. Самарқанд, Панжикент ва Варахшадаги археологик топилмалар Суғд меъморчилиги ва безак санъатининг юксак даражада бўлганлигини тасдиқлайди.
Айниқса, VI-VIII асрларга оид сарой расмлари муҳим аҳамиятга эга бўлиб, уларда тантаналар, мифологик сюжетлар ва дипломатик миссиялар манзаралари тасвирланган. Уларда маҳаллий анъаналарнинг эллинистик, эрон ва ҳинд маданияти элементлари билан ўзига хос уйғунлиги намоён бўлади.
Илмий изланишлар шуни кўрсатдики, савдо йўллари бўйлаб буддавийлик, монийлик ва зардуштийлик динларининг тарқалишида ҳам суғдийлар асосий роль ўйнаган. Уларнинг турли диний ва маданий муҳитларга мослашиш қобилияти уларни Евроосиёнинг кўп миллатли маконида ажралмас воситачиларга айлантирди.
Бугунда Суғдиёна маданий мероси жаҳон бойлиги сифатида эътироф этилиб, "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" каби лойиҳалар ушбу ноёб ютуқларни бутун инсоният учун кашф этишга ёрдам бермоқда.
WOSCU ахборот хизмати