Амир Темур даври меъморий кошин санъати ўзбек маданияти тарихининг ёрқин саҳифаларидан бирига айланди. XIV-XV асрларда Самарқанд, Шаҳрисабз ва Бухорода яратилган бу дурдоналар масжид, мақбара ва мадрасаларни безабгина қолмай, темурийлар даврининг улуғворлик рамзига айланди.
Бугунги кунда Темурийлар даври кошинларининг ноёб намуналарини Италия музейларида кўриш мумкин. Улар санъат ихлосмандларида ҳайрат ва завқ уйғотмоқда. Ёрқин фируза, ложувард ва оқ ранг қопламали сирланган кошинлар ўзининг бажарилиш техникаси ва нафис нақшлари билан кишини ҳайратга солади. Геометрик (гириҳ) нақшлар, хаттотлик ёзувлари ва услублаштирилган ўсимликсимон (ислимий) нақшлар Мовароуннаҳр меъморчилигига хос бўлган гўзаллик ва гармониянинг чуқур фалсафасини акс эттиради.
Самарқанд ва Шаҳрисабз усталари мураккаб технологиялардан, масалан, икки марта куйдириб сирлаш, «мушаббак» (ажур – безакли кошин) техникаси ва ўйма терракота инкрустациясидан фойдаланган. Ушбу технологиялар қуёш нурида қимматбаҳо тошлар каби товланадиган ноёб фасадларни яратиш имконини берган.
Темурийлар даври кошинларининг Италияга бориб қолиши Уйғониш даври билан боғлиқ. Ўшанда Европа коллекционерлари Шарқ санъати асарларидан ҳайратланиб, уларни тўплай бошлаган.
Бугунда ҳар бир кошин парчаси нафақат бадиий асар, балки ўзбек Уйғониш даврининг буюк маданиятидан жонли хотира ҳамдир.
Материал “Ўзбекистон маданий мероси Италия тўпламларида” (32-жилд, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркуми) китоби асосида тайёрланди. Китоб-альбом World Society for the Study, Preservation and Promotion of the Cultural Legacy of Uzbekistan (WOSCU) халқаро лойиҳаси доирасида чоп этилган. Китоб билан кутубхоналар, музейлар ва лойиҳанинг расмий веб-сайтида танишиш мумкин: www.woscu.org .
WOSCU ахборот хизмати