Ушбу миниатюра темурийлар даври адабиётининг етук вакили Абдуллоҳ Ҳотифийнинг XVI аср бошларида Соҳибқирон Амир Темурни шарафлаб яратилган “Темурнома” асари қўлёзмасидан олинган ва унда ўлим тўшагида ётган саркарданинг сўнгги онлари тасвирланган. Бу ҳақда Ислом цивилизацияси маркази ахборот хизмати маълум қилди.
Миниатюра айни пайтда Эрон Миллий кутубхонасида сақланади.
Абдуллоҳ Ҳотифий 1454 йилда Эроннинг Жом вилоятига қарашли Харжирд қасабасида туғилган. Унинг ижодида тоғаси, машҳур шоир Абдураҳмон Жомийнинг ҳиссаси катта бўлган. У Низомий, Деҳлавий, Жомий ва Навоий сингари улуғ мутафаккирлар изидан бориб, ўз “Хамса”сини яратган. Мазкур беш достондан бири – “Темурнома” соҳибқирон Амир Темурнинг жаҳонгирлик салоҳиятига бағишланади.
Ҳотифий “Хамса”си “Лайли ва Мажнун”, “Ширин ва Хусрав”, “Ҳафт манзар”, “Темурнома”, “Футуҳоти шоҳий” ёки “Шоҳнома” достонларидан иборат. Ҳотифий “Хамса”сидаги “Лайли ва Мажнун” унинг энг мукаммал достонларидан биридир.
Ҳотифий достонининг Навоийга бағишланиши ва унда улуғ ўзбек шоири алоҳида бобда мадҳ этилиши бежиз эмас эди. Чунки Ҳотифий Навоийнинг энг яқин ва истеъдодли шогирдларидан бири эди. Шу сабабли Навоий шогирди камолоти учун жуда кўп қайғурган, уни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаган эди.
Ҳотифий ҳаётининг сўнгги йиллари сафавийлар даврига тўғри келади. Шоҳ Исмоил Сафавий шоирга ҳомийлик қилган. Ҳотифий 1521 йилда вафот этган.