Тошкентда "Миллий либослар – янги Ренессанс дурдонаси" номли катта fashion-шоу модалар кўргазмаси бўлиб ўтади
Тошкентда "Миллий либослар – янги Ренессанс дурдонаси" номли катта fashion-шоу модалар кўргазмаси бўлиб ўтади
15 декабрь куни" Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори" мавзусидаги IV халқаро Конгресс доирасида ёшлар ижод саройида "Миллий либослар – янги Ренессанс дурдонаси" номли ажойиб fashion-шоунинг очилиш маросими бўлиб ўтади.
Уч кун мобайнида пойтахтимизда маҳаллий ёш дизайнерларнинг муаллифлик дефилеси ўтказилади ва улардан энг яхшилари Ўзбекистон маданий мероси ҳафталигининг махсус совринлари билан тақдирланади.
Бўлажак ажойиб тадбир ҳақида Ўзбекистон модельерлар ва дизайнерлар уюшмаси бошқаруви раиси Холида Комилова фикр билдирди:
- Бу кўргазма миллий ўзбек либосини профессионал даражада ўрганишнинг кўп йиллик натижаларини намойиш этади. Бу жараёнга турли соҳа мутахассислари – санъатшунослар, дизайнерлар, либослар лойиҳачилари ва тарихчилар жалб этилган. Кўргазмага мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келтирилган XIX аср охири – ХХ аср бошларига оид 50 тага яқин тарихий либосларнинг йирик коллекцияси тайёрланди. Либосларни яратишда биз тарихий аниқлик тамойилига қатъий амал қилдик – матолар, безаклар, пардозлар, орнаментлар, каштачилик техникасининг бир неча аср олдинги қўлланилган турлари ва нусхаларидан фойдаландик. Агар вилоятлар ҳақида гапирадиган бўлсак, уларнинг ҳар бирида либослар ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, бу борада Қорақалпоғистон, Хоразм, Сурхондарё, Қашқадарё, Фарғона водийси, Самарқанд, Тошкент ва Бухоро либосларини алоҳида ажратиб кўрсатишимиз мумкин бўлади. Fashion-шоу кўргазмасида ҳам айнан ушбу ҳудудларнинг либослари намойиш этилади. Биз, томошабинларнинг бу ердаги ранг-барангликларни кўриб, фақат Ўзбекистон маданий мероси саналмиш ўзбек либосларимизга хос бўлган рангларни ҳис қилишларини истаймиз.
Кўргазма Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан «Osiyo ramzi» Ўзбекистон модельерлар ва дизайнерлар уюшмаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон ҳукумати, Ўзбекистон Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида ташкил этилмоқда. Тадбир ҳомийлари – Eriel, Enter Engeneering ва «Газпромбанк» компаниялари

