Бутунжаҳон жамиятининг “Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс пойдевори” VI Халқаро Конгресси ҳақида
Бутунжаҳон жамиятининг “Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс пойдевори” VI Халқаро Конгресси ҳақида
2022 йилнинг 22-24 июль кунлари Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон жамиятининг “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори” VI Халқаро конгресси бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан Eriell Group компанияси ҳомийлигида, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ташқи ишлар вазирлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, ЮНEСКО ишлари бўйича Миллий комиссия, Ислом цивилизацияси маркази, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Давлат авиакомпанияси, “Замон пресс инфо” нашриёт уйи, шунингдек, ISESCO, IRSICA сингари халқаро ташкилдотлар билан ҳамкорликда ўтказилди. Конгресс ишида дунёга машҳур 250 дан ортиқ шарқшунос олимлар, 33 нафар машҳур халқаро музейлар директорлари, 15 нафар музей раҳбарлари, 6 нафар халқаро ташкилот вакиллари, 10 дан ортиқ академик, 20 дан ортиқ профессор, 20 нафар фан доктори иштирок этди.
22 июль куни Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида “Ўзбекистон маданий мероси замонавий илм-фан эътиборида” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилди.
23 июль куни “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори” VI Халқаро Конгрессининг тантанали очилиш маросими ҳамда шўъба мажлислари бўлиб ўтди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Абдуҳакимов, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Б.Абдуҳалимов, Ислом цивилизацияси маркази бош директори Ш.Миноваров, Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Ф.Абдухолиқов, америкалик танқли тарихчи олим Фредерик Старр ва бошқалар иштирок этишди.
Икки кун давомида хорижлик ва ўзбекистонлик таниқли шарқшунос, тарихчи, этнограф ҳамда санъатшунос олимларнинг Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари маданий меросига бағишланган 100 дан ортиқ маърузалар тингланди.
Конгресс доирасида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумидаги 10 та янги китоб-альбом тақдимоти (51-60 жилд) бўлиб ўтди. Бундан ташқари, Европанинг етакчи матбаа корхоналаридан бири - Mueller& Schindler нашриётида ўзбек заминининг буюк фарзанди, атоқли олим Мирзо Улуғбек буюртмаси билан яратилган “Китаби сиварил-кавакиб ас-сабита” (Қўзғалмас юлдузлар тасвири ҳақидаги китоб) қўлёзмасининг факсимил нусхаси намойиш этилди.
Конгресс доирасида “Халқларни бирлаштирувчи мерос”, “Марказий Осиё ва Озарбайжон”, “Жаҳон жамияти учун янги йўналишлар: режалар ва истиқболлар”, “Миллий музейлар ва тўпламлар Жаҳон ҳамжамияти диққат марказида” каби мавзуларда давра суҳбатлари бўлиб ўтди.
Шунингдек Ўзбекистон санъатига оид “Орол ва Аму қирғоқларида. Қорақалпоқ санъати” ва “Безак: эстетика, сеҳр, маъно” китобларининг тақдимоти ўтказилди. Конгресс иштирокчилари ва меҳмонлари Самарқанднинг тарихий обидаларини ҳам зиёрат қилишди.
24 июль куни Регистон майдонидаги Улуғбек мадрасасида ўтказилган ёпилиш маросимида Бутунжаҳон жамиятининг VI Конгресси иштирокчиларининг декларацияси қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатда дунё ҳамжамияти томонидан “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси доирасида нашр этилаётган китобларга, шунингдек, уларни энг йирик илмий муассасалар, кутубхоналар ва музейларга кенгроқ тарқатишга юқори қизиқиш билдирилаётгани алоҳида таъкидланган. Шунингдек, Конгресс иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукуматига маданият соҳаси, гуманитар фанларнинг тобора ривожланиб бораётгани, Ўзбекистон халқларининг маданий меросини асраб-авайлашга қаратилган ташаббуслар доимий равишда қўллаб-қувватланаётгани учун чуқур миннатдорчилик билдиришган.






.jpg)


