Санкт-Петербургдаги Россия этнография музейи Ўзбекистон мусиқий меросига тегишли катта жамланмага эга. Жамланма Туркистон халқ қўғирчоқ театри, мусиқа асбоблари, мусиқа мавзусидаги фотосуратларни ўз ичига олади. Деярли барча ашёлар ХIХ асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларига тўғри келади.
ХХ аср бошларида музей машҳур рус этнографи, сайёҳи, фотографи ва рассоми С. М. Дудин (1863 – 1929) томонидан ишланган турли қизиқарли фотосуратлар тўпламига эга бўлган. Улардан 5 донаси сураткаш томонидан 1900–1902 йилларда Бухоро ва Самарқандда туширилган. Фотосуратларда шаҳарликларнинг мусиқий ҳаёти акс этган.
Фотосуратларнинг бирида биз Бухорога хос бўлган уйнинг ҳовлисидаги олти созандадан иборат гуруҳни кўрамиз. Бир қарашда мусиқачилар ягона ансамбль сифатида таассурот уйғотади. Бошқа бир суратда ёпиқ жойлар, масалан, меҳмонхонадаги томошалар акс этган. Бундай томошаларни "Меҳтарлик" деб номланган мусиқачилар, оддий чолғучилар, қўғирчоқбозларни ўзида бирлаштирган жамоалар ташкиллаштирган. Навбатдаги фотосуратда дутор чалаётган созанда акс эттирилган. Мусиқачининг ўйчан ва оташин чеҳраси унинг ижрога чин дилдан киришганини кўрсатади.
_8jIiTRg_1.webp)