Афросиёб керамикасидаги ёзувлар: панд-насиҳат, тилак, ҳамд 

VIII аср охири — IХ аср бошидан Мовароуннаҳр шаҳарларида сирланган сопол пайдо бўлди ва кенг тарқалди. Кейинчалик сопол санъатининг етакчи марказлари шаклланди: Афросиёб, Шош, Фарғона, Чағониён ва бошқа. Улар орасида Афросиёб (Самарқанд) кулоллик санъати Марказий Осиёнинг барча ҳудудларига тарқалган. Бу идишларни сирлаш, ранглаш ва тасвирлар яратиш билан боғлиқ.

Афросиёб керамикасида энг кўп ислимий — ўсимликларга оид нақшлар учрайди, уларда гуллар, бутоқлар, анор, лола, атиргул тасвирлари устунлик қилади. Кейинроқ ислимий нақшлар ёзувларга айлантирилди. Сопол буюмларнинг сирти куфий ва насх услубида яхши тилак билдирилган ёзув билан қопланган.

Баъзи ёзувлар дидактик хусусиятга эга эди, масалан, думалоқ ликопнинг марказида услублаштирилган от шакли туширилган ва идишнинг айланаси бўйлаб араб тилида қуйидаги ёзув битилган: "Таълим олиш аввал аччиқ, охири асалдан ширинроқдир".

Риёзиёт (математика) фани ривожланиши билан буюмларда тўртбурчак, учбурчак, тўқима кўринишидаги ҳандасавий нақшлар ҳукмронлик қилди.

IХ-ХV асрларга келиб, Афросиёб сирланган сополлари бадиий ва техник жиҳатдан мукаммалликка эришган ва кўплаб мусулмон мамлакатларига экспорт қилинган.

Ҳозирда жаҳондаги энг бой Афросиёб керамикаси тўплами Самарқанд музейида сақланмоқда.