Афросиёбдаги "Элчилар зали": совғалар билан келган хитойликлар, бақтрияликлар ва тибетликлар

Суғд деворий суратларининг фрагментлари ХХ аср бошларида, Самарқанддаги, Мўғуллар давридан олдинги, жуда муҳим саналган Афросиёб археологик объектидан топилган. Хитой ёзма манбаларига кўра, Самарқанд Суғдиёнанинг пойтахти ва жуда муҳим шаҳар саналган.

1965 йилда маҳаллий ҳокимият Афросиёб тепалиги марказидан йўл қуришга қарор қилади. Ушбу йўл қурилиш жараёнида эса қадимий деворий расмлар тасодифан топилиб қолади. Қурилиш ишлари ҳам уларга унчалик кўп зарар келтирмаган. Аслида бу расмларнинг юқори қисми Х–ХI асрлардаёқ аллақачон йўқ қилинган ва шунинг учун ҳам уларни тўлиқ қайта тиклаш мумкин эмас эди. Мазмунан бир хил бўлган расмларнинг асосий қисми "Элчилар зали" деб ном олган 1-хона деворларини безаб турган.

Композициянинг энг муҳим саҳнаси тасвирланган Ғарбий девор элчилар залига кириш эшигининг рўпарасида жойлашган. Унда совғалар билан келган хорижий меҳмонларнинг бир нечта гуруҳларини, жумладан, хитойликлар (оддий ипак билан), бақтрияликлар (маржонлар ва тикилган ипак билан), тоғликлар (Якнинг думлари билан), шунингдек, корейслар (совғасиз, бош кийимида патлар билан)ни ва уларнинг атрофида ўтирган ёки элчиларни кузатаётган турк жангчилар гуруҳларини кўриш мумкин.

Тасвирдаги яна бир фрагментда қоплон териси ёпинган ва қўтос думини қўлида ушлаб олган эркаклар тасвирланган ва улар, эҳтимол, тибетликлар бўлиши мумкин. Буларнинг барчаси аслида тасвирдаги одамларнинг кимлигини аниқлашга қаратилган фаразий уринишлар, аммо ушбу маросимда турли хорижий мамлакатлар вакилларининг иштирок этаётгани ҳақиқатан ҳам муҳим саналади. 

Ушбу расмнинг яна бошқа турлича талқинлари ҳам мавжуд. Кўпчилик олимлар бу ерда маҳаллий ҳукмдорга тож кийдириш маросими билан бирга ўтказилаётган қадимги эронча янги йил (Наврўз) байрами тасвирланган, дея таъкидлашади.