Анималистик миниатюра: Икки ўрдак ва бир тошбақа ҳикояси

Ўзбекистон фанлар Академияси Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўёзмалар коллекцияси Марказий Осиё ва Шимолий Ҳиндистон турли мактабларининг урф-одатларини акс эттирган санъат миниатюралари дурдоналари ҳисобланади. 

Коллекциядан жой олган “Калила ва Димна” қўлёзмасидаги миниатюралар Ҳирот мактабига тегишли.

“Калила ва Димна” қадимги ҳинд ёдгорлиги «Панчатантра» асосида яратилган ҳикоялар жамланмасидир.

Қўёзманинг ўзи ХV аср биринчи ярмига оид. Настаълиқ хатида битилган. Хаттот исми номаълум. Миниатюралар афтидан Бойсунғур Мирзо устахоналарида яратилган. Камида иккита рассом томонидан ишланган, улардан бири одамлар акс этган композицияларни, иккинчиси эса ҳайвонлар ҳақидаги масаллар билан боғлиқ сюжетларни яратган. Айтиш керакки, иккинчи рассом ҳайвонот олами бўйича мутахассис. У ҳайвонлар, қушлар ёки илонларнинг фақатгина аниқ тасвирини кўрсатибгина қолмай, уларнинг сакраши, учиши, судралиб юришини аниқ акс аттирган. Бундай миниатюралар ёнида “Қори Рустамбек” (Рустамбек тайёрлаган) ёзуви мавжуд. Бу таниқли анималист (ҳайвонларни тасвирлайдиган рассом)нинг исмидир.

Қўлёзмадаги миниатюраларнинг бирига тўхталамиз: “Калила ва Димна”даги Татаванинг тошбақа ҳақидаги ҳикояти тасвирланган.

Ҳикоя мазмунига кўра, бир кўлда икки ўрдак ва бир тошбақа яшарди. Қўшни бўлгани учун улар бир-бирлари билан дўст ва иттифоқ эди. Бирдан уларнинг тинч турмуши бузилди. Кўлдаги сув камая бошлади. Ўрдаклар бу ердан кетмоқчи бўлиб, тошбақа билан видолашди. Тошбақа бу гапни эшитиб, нола қилди ва кўз ёшларини оқизиб: — Эй, менинг азиз дўст ва меҳрибон биродарларим! Сувнинг озайиши мен учун яна ҳам даҳшатлидир, мен сувсиз яшай олмайман. Энди мурувват вақти келди, мени ҳам халос этмоқ учун бир тадбир кўринглар”, деди. Ўрдаклар ҳам тошбақадан айрилиш ва ҳижрон дардини чекиш улар учун янада оғирлигини айтиб: “Лекин сен дўстларинг насиҳатларига қулоқ солмайсан, ўз фойдангни тушунмайсан. Сени ҳам бирга олиб кетишимизни хоҳласанг, бир шартимиз бор: осмонга кўтарилгандан кейин бизни ким кўрмасин ва нима демасин, индамайсан, оғизни маҳкам юмиб кетаверасан”, дейишди. Тошбақа ўрдаклар айтган шартга кўнади, “Айтганингизни қиламан: тишимни тишимга қўйиб, ҳеч нафасимни чиқармайман”, дейди.

Ўрдаклар бир новда топиб келтиради. Тошбақа унинг ўртасидан тишлайди, ўрдаклар икки бошидан тишлаб осмонга кўтарилади. Одамлар уларни кўриб таажжуб билан ўнг ва сўлдан: “Ўҳ-ҳу, анавини қаранглар, ўрдаклар тошбақани учириб олиб кетяпти”, деб қичқира бошлайди. Тошбақа бир муддат индамай боради, кейин ўзини тута олмай, “кўролмаганларнинг кўзи чиқсин” демоқчи бўлиб оғиз очган эди ҳамки, ерга тушиб чилпарчин бўлади.

Ўрдаклар бу воқеа ҳаммага ибрат бўлсин деб уни ҳар ерда гапириб юради.