“... Аслида улар тирикдир...” – Қутайба мақбарасидаги битик нимага ишора қилади?

Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Қиличмозор (эски номи Гулунч) қишлоғида Қутайба ибн Муслим (660-715) мақбараси жойлашган.

Мақбара иккита хонадан иборат. Марқад усти гумбаз билан беркитилган 8 бурчакли хона ўртасида жойлашган. Хонага кириш аркаси тепасига Қуръони Каримнинг “Оли Имрон” сураси 169-ояти ёзилган.

Аллоҳ таоло айтди: “Аллоҳ йўлида ўлдирилганларни асло ўликлар деб ҳисобламанг! Аслида (улар) тирикдир – Парвардигорлари ҳузурида (жаннат неъматларидан) ризқланиб турурлар”.

Шўролаp даврида бузиб ташланиб, 1975-78 йилларда қайта қурилган ушбу мақбара бугунда зиёратгоҳга айлантирилган. 2006 йилда давлат муҳофазасидаги меъморий обидалар рўйхатига олинган.

Хўш, Қутайба ибн Муслим ким бўлган?

Тарихий манбаларга кўра, Абу Ҳафс Қутайба ибн Муслим ал-Боҳилий – асли араб ҳарбий саркардаларидан бири. 704 йилда Умавий ҳалифа томонидан Хуросон амири (ноиби) этиб тайинланган. 704-715 йиллар мобайнида Мовороуннаҳрда ислом динини ўрнатиш йўлида курашган. Бироқ янги ҳалифа Сулаймон ибн Валидга (715-717) бўйсунишни истамаган. Натижада Мовороуннаҳрдаги араб қўшинлари ўртасида норозилик пайдо бўлиб, Қутайбага қарши исён кўтарилган. Арабларнинг шайбон қабиласига мансуб Ҳайён ан-Набатий ва тамим қабиласи вакили Вақи ибн Абу Суд бошчилигидаги исёнчилар Қутайба ибн Муслимнинг укаларини, ўғли Касир ибн Қутайбани ва жиянлари (жами 11 эркак)ни ўлдирганлар.

Қутайба Коҳ қишлоғидаги Работи Сарҳанг (ҳозирги Қиличмозор) қабристонига дафн этилган. Унинг шахси ва амаллари илк ўрта асрлардан бошлаб Мовороуннаҳрда ислом уламолари томонидан муқаддаслаштирилган.

Х асрда яшаб ўтган тарихчи Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида: “Қутайбанинг қабри Фарғонада машҳур бўлиб, Коҳ қишлоғидаги Работи Сарҳанг деган жойда ўрнатилган. Вилоятлардан олимлар зиёрат учун ҳамиша у ерга бориб турадилар”, деган маълумот келтирилган.

Шунингдек, ХI асрда яшаб ўтган тарихчи Жамол Қарший ўзининг “Мулҳақот ас-суроҳ” китобида Қутайба ибн Муслимнинг қабри Қилич қишлоғида жойлашганини таъкидлаб ўтади.

Академик В.Бартольд ўз мақоласида мазкур икки тарихчининг ёзган топонимларини қиёслаб, Наршахий ёзган “Коҳ” сўзи “Қилич” сўзининг адашиб кўчирилган шакли эканлигини тахмин қилган.

Анча кейин Қутайба авлодларига нисбат берилувчи шахслар буюртмасига кўра тузилган унинг сохта шажараси пайдо бўлган. Шажарада Қутайба ибн Муслим тўртинчи халифа Али ибн Абу Толибнинг набираси деб эътироф этилган. Бу эса қадимдан шундай шахслар ҳаёти ва фаолияти ҳақида тўқилган афсоналардан бири, холос.

Маҳаллий маълумотларга кўра, Қутайба ибн Муслим хитой подшоси Гулунч / Ку-Лунч (Қилич)нинг қизи Султон бегимга уйланган ва уч ўғил кўрган. Аскарлар томонидан ўлдирилгунга қадар 7 йил шу қишлоқда яшаган. Ривоятларга қараганда, қутайба мақбараси Амир Темур фармони билан самарқандлик усталар томонидан тикланган. Ўшанда мақбаранинг ер майдони 5 сотих, баландлиги 20 м бўлган экан. Бироқ бу ривоятлар ёзма манбалардаги маълумотлар билан тасдиқланмаган.