БАРОҚХОН МАДРАСАСИ

 

 

Бароқхон мадрасаси (XVI асрнинг 40-йиллари) барпо этилиши тарихи Тошкент ҳокими бўлган уч киши: Суюнчхожахон (1509–1525) ва унинг икки ўғли: Келди Муҳаммадхон (1525–1533) ва Наврўз Аҳмадхон ёки Бароқхон (1533–1556 йилларда Тошкент вилояти ҳокими, 1554–1556 йилларда эса бутун ўзбек улус хони – марказлашган шайбонийлар давлати олий ҳукмдори) номи билан боғлиқ. Бароқхон мадрасаси ана шу тип ва мақсадда 

 барпо этилган бинолардан яққол ажралиб туради: масжид ва дарсхона ўрнида қурилган иккита мақбара, айни маҳалда мадраса – очиқ ҳовли теварагида бутун жуссаси қовуштирилган меъморий мажмуа бўлишидек қоидага ҳам амал қилинган. Бино ташқи гумбазлари, пештоқлари тепа қисми қайтақайта қуришлар ва зилзилалардан ҳам азият чеккан.

 

Шу тахлит Бароқхон мадрасаси ажойиб ва нафис нақшу нигорлари йўқлик қаърига юзланган эди. Айни маҳалда эски фотосуратларда ва археологик қазишмалар чоғида аниқланган қадамалар парчалари, шунингдек, қўлёзма манбалар бизга қадар сақланиб қолмаган меъморий зийнатларни қайта тикламоққа имкон беради. Буюк Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Исмоил алҚаффол аш-Шоший табаррук мақбараси ёнида Тошкент ҳокимлари ва уларнинг қариндошлари сулолавий хилхонасини барпо этиш ғояси Суюнчхожахон кўнглида дунёга келган эди, дея тахмин қилиш ҳам мумкин. Мадрасанинг жануби-шарқий бурчагида жойлашган дастлабки унча катта бўлмаган мақбара-хонақоҳ ҳам чамаси Суюнчхожахон фармо- йишига биноан барпо этилган кўринади.

 

 

Ўлчамлари жиҳатидан босиқ ва одмигина бўлмиш мазкур иншоотда ҳеч қанақа нақшу нигорлар бўлмаган. Салибсимон кўринишдаги мақбара гумбаз билан қопланган, тўртала фасадида ҳам пештоқлари бўлган. Чамаси, мақбара ичида бирон-бир киши дафн этилмаган, шунинг учун ҳам кейинчалик ундан дарсхона ўрнида истифода этилган2. XVI аср биринчи ярми Марказий Осиё меъморчилигининг ажойиб намунаси бўлмиш иккинчи мақбара-хонақоҳ эса биринчисининг тамомила зидди, деса ҳам бўлади.

 

Бу мақбара Суюнчхожахоннинг тўнғич ўғли ва тахт вориси Келди Муҳаммадхон томонидан бунёд этилган. Мақбара учун махсус битилган китоба матн ана шу меъморий қайднома муаллифи Зайниддин Восифий эсдаликларида сақланиб қолган: «Абулхайрхон ўғли Суюнчхожахоннинг хилхонаси бўлмиш ушбу иншоот унинг тахт вориси бўлмиш Музаффариддин Абулғозий Султон Муҳаммад Баҳодирхон томонидан ҳижрий 935 (1528–29) йили барпо этилди». Айни маҳалда ана шу китоба битик мазкур иншоотнинг ўзида амалга оширилгани ёки аксинчалиги ҳам – номаълум, чунки Суюнчхожахоннинг ўзи Туркистон шаҳрида волидаси Робиа Султон бегим мақбараси ёнида дафн этилган.

 Суюнчхожахон мақбараси – Бароқхон мадрасасининг марказий биноси – мазкур иншоотга кираверишдаги дарвозахона меҳварининг айнан рўпарасида жойлашган. Деворларида чуқур равоқсимон тоқчалари бўлган квадратсимон зали ички япасқи гумбаз билан ниҳояланувчи ўзаро кесишувчи бағаллар тизими билан қопланган. Ташқи нилий гумбаз – Кўкгумбаз баланд цилиндрсимон гардишга қўндирилган ва мураккаб сербўёқ ҳандасавий нақшлар билан безатилган бўлган. Гумбаз гардиши тепа қисмидан эса сулс хатида битилган Қуръони карим оятлари китоба битикларидан иборат тарам (полоса) ҳам ўтган эди5. Хонақоҳ-мақбаранинг тўртала томонидан ҳам пештоқлар қад ростлаган. Мадраса ҳовлисига қараган пештоқ улардан асосийси бўлиб, қолганидан анча баланд ва хушқад ҳавоза равоғи ҳам бўлган.

 

 

Асосий зал деворлари, тоқчалари ва гумбази бир маҳаллар кундал услубида амалга оширилган фаровон нақшлар, сербўёқ жилолар билан зийнатланган эди6. Деворлар пойдеворида – тош синч қисмида эса жимжимадор нақшлари бўлган тўқ яшил рангдаги кошинлардан териб чиқилган панель – фарш бўлган, синчнинг бурчакларидаги агальматолитдан ишланган нафис ўймакори нимустунчалар эса кейин- чалик Юнусхон мақбарасига кўчириб ўтказилган. Бино бурчакларида эса гумбазчалар билан қопланган ҳужралар жойлашган. Мақбара ичкарисида бир неча дахмалар мавжуд, аммо уларнинг кимларга оидлиги номаълум.

 

Мақбараларни ҳам ўз бағрига олган мадраса буюртмачи номи билан Бароқхон мадрасаси деб юритилади. Бинобарин, аввалига жануб томондаги пештоқ ва ҳужралар, кейин эса шимолдаги ҳужралар барпо этилган. Биносозлик ишлари ниҳоясига етганидан сўнг 2 мақбара ва 32 ҳужрани ўз ичига олган бинонинг умумий ўлчамлари ташқи контури бўйича 82×44 метр, ҳовли периметри бўйича 46×27 метрдан иборат бўлган. Мадраса ҳовлисига тўғри олиб борадиган дарвозахона тепасида маҳобатли пештоқ барпо этилган. Бароқхон мадрасасига шимол тарафдан кириш иншоотлари туркуми учта ҳужрали дарвозахона, жануб тарафдан эса «Номсиз» дея юритилувчи мақбарадан таркиб топган. Мазкур бинонинг учта пештоқи мадраса конструкцияга жипс, гўёки яхлит бир жисмдек туюлади. «Номсиз» деб юритилувчи жанубий фасадгина иншоотнинг бирламчи қиёфасини сақлаб қолган, холос. Суюнчхожахоннинг маҳобатли мақбарахонақоҳи тўрт томондан яққол кўзга ташланиб турадиган бир тарзда ялангликда қолган, пештоқнинг иккала ёнбошидаги ҳужралар унинг қиёфасига соя солмаган.

 

 

Мадраса ва мақбараларнинг суяк билан қадамалаб безатилган ўймакор нақшли эшиклари ҳам ажойиб ва хушчирой бўлган. Шайбонийлар сулоласи ҳукмронлиги тугагандан кейинги XVII асрда Бароқхон мадрасаси қайта таъмирланганича ўз ҳолига ташлаб қўйилган. XVIII аср охирларида Тошкент мадрасаларини тавсифлаб ўтган ўша давр муаллифи улардан энг яхшиси бўлмиш Бароқхон мадрасаси харобага айлангани, бояқишнинг ичига ҳатто чорва моллари қамалгани ҳақида афсус-надомат билан ёзган эди1. Анча кейинроқ Бароқхон мадрасасига эътибор қаратилди. 1859 йили Тошкент ҳокими Қаноатшоҳ ҳовлининг шимол тарафидаги вайронага айланган ҳужраларни қайта тиклади ва мадраса таъминоти учун вақф ҳам таъсис этди. Бироқ 1868 йилдаги 8 балли кучли зилзила оқибатида мақбаранинг катта гумбази қулаб тушган.

Бахтли тасодиф туфайлигина чала вайрона ҳолига келиб қолган Кўкгумбаз 1866 йили таниқли фотограф Д. Ермаков томонидан суратга туширилган экан. Қўқон хонлиги ҳукмронлиги даврида Бароқхон мад- расаси муллаваччалар ва мударрисларнинг гоҳо шахмат ўйнаб турадиган манзилига айланиб қолганлиги сабабли унчалик ҳам ишончли ва нуфузли олий ўқув даргоҳи деб ҳисобланмаган2. 1904–1905 йилларда Бароқхон гумбази Хожа Абулқосим раҳбарлигида тошкентлик уста-қурувчилар томонидан таъмирланган.

Ана шундан кейин мадрасада таъмирлаш ишлари деярли амалга оширилмаган. Фақатгина ХХ асрнинг 50–60-йилларида халқ устаси Ширин Муродов раҳбарлигида бош пештоқ, миёнхонадаги ҳужралар қайта тикланган, ҳужралардаги равоқлар ва токчаларнинг ғиштлари қайтадан териб чиқилган. Ана шу таъмирлаш ишларидан кейин Бароқхон мадрасасида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси фаолият юритган. «Номсиз» деб юритилувчи мақбара Диний идора раҳбари – муфтий иш хонасига айлантирилган, Суюнчхожахон мақбара-хонақоҳи эса мажлислар ва анжуманлар зали бўлган.

 

Маъмурий мақсадларга унчалик ҳам мос келмайдиган мадраса ҳужраларида эса диний идора бўлимлари иш олиб борган. 1960–1980 йилларда мадрасанинг энг қадимги қолдиқлари устига тунука қопланган эди. Бош пештоқ ва дарвозахонадаги қайта тикланган нақшлар ҳам талаб даражасида амалга оширилмаган. Сиркори сопол кошинлар ўрнига меъморий нақшу нигорлар андаваланган юзага шунчаки бўёқлар билан чизибчизғилаб қўйилган эди, холос. 2006 йилдан бошлаб Бароқхон мадрасасида катта таъмирлаш ишлари бошланди.

 

 

Суюнчхожахон мақбарасида ташқи гумбаз, унинг гардишидаги қадимги нақшнинг бирламчи расмлари, гардиш юқори қисмидаги қуръоний китоба битик белбоғичи эски фотосуратлар асосида машаққатли ва изчил меҳнат билан қайта тикланди. Бош фасад равоқлари токчалари нақшинкор кошинлар билан қопланди, унинг қанотларида эса равоқсимон тоқачалар тепасига тўғри бурчакли китоба битиклар туширилган паннолар ўрнатилди. Мадрасанинг бош фасади шу тахлит янги қиёфага эга бўлди. Пештоқ ёнбош равоқлари сербўёқ нақшинкор паннолар билан зийнатланди, ана шу панноларда ҳандасавий тус берилган китоба битик- лар наботий-ислимий нақшлар ҳандасавий нақшлар –  гиреҳлар билан уйғунлашиб кетган. Пештоқнинг тепа қисмида Қуръони карим оятлари битилган тўғри бурчакли панно жой олган.

 Пештоқ равоғини ҳам янги- лашда сайқалланган пишиқ ғиштдан «қолипкори» усули фойдаланилган. Бош пештоқнинг чап тарафида жойлашган кичик мақбара ташқи гумбази ҳам қайта тикланган. Симметрия – мувозийликни юзага келтириш учун бош пештоқнинг ўнг тарафида айнан шундай бошқа бир гумбаз ҳам бунёд этилди. Айтиб ўтилган ишларнинг ҳамма-ҳаммаси бино аҳамияти ва улуғвор қиёфаси борасида ажиб таассурот қолдирадиган бўлди.