Камолиддин Беҳзод шоир Фаридуддин Атторнинг "Мантиқ ут-Тайр" (Қуш тили) асарига миниатюра ишлаган. Мусаввирнинг ушбу "Отанинг дафн этилиши" деб номланган асари бугунда Нью-Йоркдаги Метрополитен санъат музейида сақланади.
Миниатюрада инсон ҳаётининг ўткинчи табиати ҳақидаги ҳикоя акс эттирилган, унинг мазмунини англатиш учун Беҳзод дафн маросими ўтказилаётган саҳнани тасвирлаб, шу йўл билан таъсирчан образли ечим топа олган. Суратнинг пастки қисмида марҳумнинг жасади солинган тобут қабристоннинг кириш жойига олиб борилмоқда. Унинг жамиятда тутган юксак мақоми қўлида байроқ билан йиғлаб турган сафдошининг қиёфасида ўз тасдиғини топган. Унинг ўғли кийимларини йиртганча, саф олдида чексиз қайғу ичида юрибди. Қабристон дарвозаси ёнида жамоатни сўфи кутиб турибди, унинг имо-ишорасида ўлим муқаррарлиги акс этган ва дарвоза устидаги ёзувда ҳар ким бу масканга бир куни келиши, ўлим шарбатини тотиши эслатилган.
Инсон ҳаётининг ўткинчи табиати Беҳзод томонидан қабристон ва ундаги рамзий нарсаларнинг батафсил тавсифида ҳам акс эттирилган. У гўрковлар қабрларни қандай қазиётгани ва мустаҳкамлаётганини батафсил тасвирлайди; панжара билан ўралган машҳур сўфийнинг дафн этилган жойи ҳам тасвирланган; қабрлардаги яловлар, қуш уясига судралиб чиқаётган илон ташбеҳи; енгилтаклиги оқибатида тузоққа тушаётган қуш… У одамларнинг ҳақиқий дунёсини қаҳрамонларнинг жонли ҳаракатлари, ифодали юз мимикалари ва имо-ишоралари, маҳаллий табиатнинг нозик тасвирланган деталлари орқали кўрсатиб берган. Бу ерда Беҳзоднинг даҳоси шунда намоён бўладики, у ўзи яратган мажозий тафсилотлар орқали мураккаб фалсафий ғояларни ҳам очиб бера олади.