Бухоро амирлари саройида ишлаган Садриддин Поччаев миниатюралари

ХХ асрнинг бошларида Бухоронинг китоб ва дастгоҳ миниатюраси санъати оғир даврларни бошидан кечирди. Унинг ажойиб гуллаган даврлари аллақачон ортда қолган эди. Янги замон ва янгича ғоялар маданий ҳаётда бутунлай бошқача кўринишдаги бадиий йўналишларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Бироқ шарқона миниатюра санъатининг анъаналари ҳали ҳам сақланиб қолган эди. Бу санъат турининг ёрқин намояндаларидан бири бухоролик Садриддин Поччаев (1870 – 1948 йиллар) ҳисобланади.

Садриддин ибн Почча (Поччаев) Ромитан тумани Пайшанба қишлоғида туғилган. У болалигида отасиз қолган. 10 ёшга тўлганида онаси уни бухоролик заргар Миразимнинг қўлига шогирдликка беради. Йигитча ушбу касбда улкан муваффақиятларга эришади. Шогирдликда анча йилларини ўтказганидан сўнг ажойиб истеъдод соҳиби Садриддин Поччаев Бухоро амирлари Абдулаҳадхон (1885 – 1910) ва Саид Олимхон (1911 – 1920) саройида ишлай бошлайди. У бошқа кўплаб моҳир ҳунармандлар билан бир қаторда туриб, заргарлик буюмлари ва сарой учун керакли анжомларни ясаган, Бухоронинг кумуш ва олтин тангаларини зарб этишда иштирок этган.

Садриддин Поччаевнинг миниатюрачи сифатидаги илк тажрибаси Бухоронинг сўнгги амири топшириғига биноан ишланган ҳиндларнинг «Лаззатил нисо» рисоласи қўлёзмаси учун чизилган тасвирлар бўлган.

Садриддин Поччаев қоғозда ҳам, лок билан бўяш услуби орқали ҳам миниатюралар яратган. 1945 йилда Бухоро музей-қўриқхонаси ХИХ аср – ХХ аср бошларидаги Бухоро миниатюра мактабининг сўнгги вакили бўлган ушбу ажойиб истеъдодли устадан 20 дан ортиқроқ дастгоҳ миниатюраларини сотиб олган.

Унинг барча асарларини 4 гуруҳга бўлиш мумкин:

1. Архитектура ёдгорликлари тасвирлари.

2. Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган миниатюралар.

3. Ўрта асрларнинг турли назмий жанрда ёзилган асарларининг сюжетлари асосида яратилган миниатюралар.

4. Замонавий мавзудаги миниатюралар. 1920 – 1930 йиллар миниатюралари асосан Эрон ва Ҳиндистонда ишланган миниатюраларнинг нусхаларидан иборат бўлган: «Тусдаги Мақбара» (1925), «Эрон меъморий ёдгорликлари» (1925), шунингдек, «Варшава меъморий ёдгорликлари» (1926), «Туркия меъморий ёдгорликлари», «Туркия масжидлари» (1927), «Каъба масжиди» (1927) туркумлари шу жумладандир.