Бухоро ва Шерозда яратилган асл миниатюра асарлар Ватанга қайтарилди

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ХV–ХVI асрларга мансуб, Бухоро ва Шерозда яратилган асл миниатюра асарлари илк бор кенг жамоатчиликка тақдим этилмоқда. Улар Буюк Британия аукцион уйлари коллекцияларидан юртимизга олиб келинган. Бу ҳақда Марказ ахборот хизмати маълум қилди.

Уч миниатюра тавсифи:

  • “Хусравнинг ўлими” миниатюраси Бухорода, 1570 йил ўрталари Шайбонийлар даврида яратилган бўлиб, Абдулло Ҳотифийнинг “Хусрав ва Ширин” достонидаги энг драматик лаҳзани тасвирлайди;

  • “Йигит маҳбубасига шеър ўқимоқда” миниатюраси — ХВИ аср ўрталари Бухоро тасвирий санъат мактабининг лирик қиррасини очади. Миниатюрада тасвирланган йигитнинг маҳбубаси олдида шеър ўқиши саҳнаси орқали Шайбонийлар даври маданий муҳити, адабиёт ва шеъриятга бўлган юксак эҳтиром акс этади;

  • “Баҳром Чубин Савашоҳни ўлдирмоқда” миниатюраси эса бутунлай бошқа руҳда яратилган. Сафавийлар даврига, 1571 йилга мансуб бу асар Шерозда, Беҳзод миниатюра мактаби анъаналари асосида ишланган. Унда тарихий воқеа — ҳокимият ва куч учун кураш лаҳзаси ниҳоятда динамик тарзда берилган. Қаҳрамонларнинг ҳаракати, қуроллар, отлар ва кескин ранглар драматик кескинликни оширади. Қоғозда олтин билан бўрттириб ишланган тиниқ ранглар, икки карра олтин ҳошия ва настаълиқ хатида битилган матн Беҳзод мактабига хос юксак композицион маданиятни кўрсатади.