“Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс асоси” VIII халқаро конгрессига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди
23-26 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс асоси” VIII халқаро конгресси бўлиб ўтади
Бугун пойтахтимизда ўтказилган матбуот анжумани ана шу нуфузли халқаро тадбир ва унинг мамлакатимизнинг бой маданий ва маънавий меросини тарғиб қилишдаги аҳамиятига бағишланди.
Матбуот анжуманида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти раиси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, ТЮРКСОЙ Бош котиби Султан Раев, Халқаро Туркий академия президенти, академик Шоҳин Мустафаев ва бошқалар VIII халқаро конгресснинг анъанавий ташкил этилишининг аҳамиятини қайд этиб, бунинг Янги Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар соҳадаги тараққиёт йўли, янги юксалиш даврида эришилаётган ютуқлар ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб қилишдаги муҳимлигини таъкидладилар.
Матбуот анжуманида айтилганидек, 2024 йилнинг 3-4 июль кунлари ўтказилган “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” форумида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг VIII конгрессини ўтказиш таклифи илгари сурилган эди. Бу таклиф мамлакатимиз раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланди ва Ҳукумат томонидан “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс асоси” VIII халқаро конгрессига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда Учинчи ренессанс пойдеворини яратиш бўйича улкан ишлар қилинмоқда, – деди Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов. – Илм-фан, таълим ва маданият ривожланмоқда. 7 йил муқаддам ана шу эзгу мақсадларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони асосида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил қилинган эди. Бугун бу борадаги ишлар ўз натижасини кўрсатмоқда. 23-26 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) ҳамда «Eriell Group» нефть хизматлари компанияси билан ҳамкорликда VIII халқаро конгресси ташкил этилмоқда. Унинг асосий мақсади эса Янги Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар соҳадаги тараққиёт йўли, янги юксалиш даврида эришилаётган ютуқлар ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этиш, халқимизнинг бой маданий ва маънавий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ҳамда оммалаштиришда маҳаллий олимлар ва халқаро илмий экспертлар ҳамжамияти билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйишдир.
Тадбирда конгресс иштирокчилари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Унда ТУРКСОЙ Бош котиби Султан Раев, Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқотлари маркази (IRCICA) Бош директори Маҳмуд Эрoл Килич, “Ал-Фурқан” Ислом мероси жамғармасининг ижрочи директори Сали Шаҳсивари, Халқаро Туркий академия президенти, академик Шоҳин Мустафаев, Марказий Осиё ва Кавказ институтининг асосчиси ва раиси, профессор Фредерик Старр, "Ислом олимларининг 1001 кашфиёти" лойиҳаси асосчиси ва бош продюссери Аҳмад Салим сингари дунёнинг 30 дан зиёд давлатидан 200 дан ортиқ олимлар, музей ва кутубхона раҳбарлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Халқаро Туркий академия президенти, академик Шоҳин Мустафаев интервью бериш чоғида мазкур халқаро конгрессни ташкил этиш бардавом бўлишини таъкидлади.
— Бу тадбир фақат Ўзбекистоннинг бой маданий ва маънавий меросини тарғиб қилиш ва ўрганиш учун эмас, балки барча туркий халқлар учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш ва тадқиқотлар олиб бориш – бу катта имконият. Режалар ҳақида гапирадиган бўлсак, биз Халқаро Туркий академияси ва Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон Жамияти ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш режасини тузганмиз. Унда икки ташкилотнинг биргаликда илмий тадқиқотлар ва турли тадбирлар ўтказиши кўзда тутилган, — деди Ш. Мустафаев.
Шунингдек, матбуот анжуманида ўзбек замини олимларининг жаҳон цивилизациясини ривожлантиришга қўшган ҳиссасини ўрганиш ва оммалаштириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг маданий-тарихий меросини сақлашга қаратилган бир қатор муҳим лойиҳаларни амалга ошириш бўйича меморандумлар имзоланиши ҳам қайд этилди.
Конгресс доирасида иштирокчилар 23 август куни Тошкентда қурилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биноси билан танишадилар. 24-25 август кунлари Самарқанддаги “Silk Road Samarkand” конгресс-холида 7 та йиғилиш, ТЮРКСОЙ билан ҳамкорликдаги кино-медиафорум, шунингдек, бир қатор кўргазма ва тақдимотлар ўтказилади.