Ўзбекистон жанубидаги Сурхондарё вилоятида жойлашган Далварзинтепа манзилгоҳидан қалъа, будда ибодатхоналари, ҳунармандчилик ва турар-жой бинолари, деворий рангтасвир ва ҳайкалтарошлик асарлари парчалари, кўплаб кулолчилик буюмлари топилган.
1972 йилда Ўзбекистон археологияси тарихига кирган воқеа рўй берди. Далварзинтепа ҳудудидан олтин тўла кўза топилди. Кўзада 115 та буюм – тиллалар, заргарлик тақинчоқлари бор эди. Аксарияти яхши сақланган. Топилган олтиннинг соф оғирлиги 35 кг 713 граммни ташкил қилган.
Олтин хазина нималардан иборат эди?
Қуйма олтин бўлаклари, совға далолатномалари, эҳтиёткорлик билан диск шаклига келтирилган қуймалар ва қалин цилиндрсимон ёки бодом шаклидаги ҳалқалар кўринишидаги заргарлик буюмлари, шунингдек, тайёр заргарлик буюмлари – зираклар, тўқалар, бўйин тақинчоқлари (жевак, маржон, пешгардон), ҳар икки томондан спираль бурма билан ҳалқаланган билагузуклар бор эди.
Қуймалар устидаги ёзувлар пунсон усули (турли ўлчамдаги нуқталар кўринишидаги чуқурчалар)да бажарилган ва Кушонлар подшолиги таркибига кирган Шимолий Ҳиндистондаги ва ўша даврда кенг тарқалган кхароштхи ёзуви (оромий асосли ҳинд ёзувининг бир тури)да битилган. Улардан бирида “Маъбуд Митра инъоми” деб ёзилган.
Заргарлик буюмлари жуда усталик ва бадиий маҳорат билан тайёрланган. Ноёблари орасида бешта боғичдан иборат занжир мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири саккизта симдан «ўриб» тўқилган. Олтин «занжирлар» иккала учида қимматбаҳо тошлар – қизил ёқут ва феруза билан безатилган ичи бўш цилиндрлар билан маҳкамланган.
Яна бир буюм – зебигардан бир-бирига пайвандланган учта шиширилган ярим доиралардан иборат бўлиб, улар тор томонларида илмоқли маҳкамлагич билан, кенг томонларида эса бир хил чорбурчак қисқич билан боғланган. Тақинчоқ ўртасида кенг овал ҳошия жойлашган бўлиб, унга инталия (ўйма тасвирли қимматбаҳо тош) ўрнатилган. Тош, ўз навбатида, эллинистик санъат анъаналари билан боғлиқ бўлиб, унда ён билан турган соқолли Геркулеснинг кичик тасвири аниқ кўринади. Ушбу қаҳрамон бизга Қадимги Юнонистон афсоналаридан жуда яхши маълум бўлиб, бу қаҳрамон юзи Осиёда жуда машҳур эди – биз уни тангалар, ўйма тасвирли тошлар ва кичик пластик шаклларда (бронза ҳайкалчалар, терракота) кўрамиз.
Яна бир заргарлик буюми – олтин тўқа “ҳайвон тасвирли” ва полихром услуб (ёки қадама) анъаналарида яратилган. Хазинанинг бир қисми сифатида ой шаклидаги, ингичка спираль ўрам билан безатилган турли хил зираклар ҳам топилган.
Жаҳон археологик амалиётида олтин хазиналар жуда кам учрайди ва шунинг учун жуда қимматбаҳо ҳисобланади. Бақтрия ҳудуди борйўғи иккита хазинаси билан мақтана олади – бу машҳур Амударё хазинаси (ёки Окс хазинаси) ва Далварзин хазинаси.
Айни пайтда Далварзин хазинасидаги барча буюмлар Ўзбекистон қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар давлат фондида сақланмоқда.