Ўзбекистон тарихи давлат музейида сақланаётган дунган тўплами

Ўзбекистон тарихи давлат музейида сақланаётган дунган тўплами

Ўзбекистон тарихи давлат музейида XIX аср охири – ХХ аср бошларидаги дунган маданияти ва турмушига оид уч юздан ортиқ оригинал буюмлардан ташкил топган тўплам мавжуд.

Уларнинг аксарияти музей тадқиқотчилари, жумладан, таниқли этнограф Турди Мирғиёзов томонидан 1927-1928 йилларда Қозоғистоннинг Шўртўба қишлоғида, Қирғизистоннинг Тўқмоқ, Пишпек шаҳарларида ва Қорақўнғуз қишлоғида тўпланган.

Дунган амалий санъати намуналари – бундан 130 йил аввал Хитойдан Марказий Осиё минтақасига келиб қолган ва бу ерда янги ватанини топган халқнинг ўзига хос маданиятидан далолатдир.

Тўпламда эркаклар, аёллар ва болалар кийимлари, камарлар, бош кийимлар, пойабзаллар, кўкрак, девор, эшик безаклари, қутилар ва бошқа буюмлар сақланмоқда.

Аксарият маҳсулотларнинг ўзига хос хусусияти - бу мажбурий элемент сифатида ёрқин кўп рангли кашталардан фойдаланилганлиги ва улар хилма-хил мавзуларга бағишланганлигидир.