Эдвард Ртвеладзе "Дўстлик" ордени билан мукофотланди

28 май куни Президент Шавкат Мирзиёев "Мамлакатимизда маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган бир гуруҳ марҳум ижодкорларни мукофотлаш тўғрисида"ги фармонни имзолади. 

Фармон билан кўп йиллик самарали ижодий фаолияти билан келажак авлодлар учун бебаҳо мерос қолдирган, юртимизда маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини ривожлантиришга беқиёс ҳисса қўшган бир гуруҳ марҳум ижодкорлар орден ва медаллар билан мукофотланди. Жумладан, "Дўстлик" ордени билан мукофотланганлар орасида атоқли археолог олим, тарихчи, санъатшунос, Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WОSCU) Илмий кенгашининг доимий раиси Эдвард Ртвеладзе ҳам бор. 

“Археология рицари” дея эътироф этилган олим “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тшпламларида” халқаро мультимедиа лойиҳасининг илк кунидан бошлаб (2016 йил) унга илмий раҳбарлик қилган, бутун дунёдан мутахассисларни лойиҳага жалб этишга ўз обро-эътибори билан ҳисса қўшган эди. Унинг Ўрта Осиё қадимий ва ўрта асрлар тарихи, археологияси, нумизматика ва эпиграфикаси, санъати ва маданияти тарихига бағишланган юзлаб мақола ва тадқиқотлари, монография ва рисолалари юртимиз ҳамда дунё олимлари ва мутахассисларига яхши маълум.  

Академик Эдвард Ртвеладзенинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У Ўзбекистон Республикасининг Давлат мукофоти, “Буюк хизматлари учун”, “Меҳнат шуҳрати” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденларига сазовор бўлган эди. "Дўстлик" ордени ҳам атоқли олимнинг 60 йиллик илмий фаолияти муносиб эътироф этилганидан даракдир.


Меҳрибон устоз, камтарин ва самимий инсон Эдвард Ртвеладзенинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.