ЭДВАРД РТВЕЛАДЗЕ

академик, тарих фанлари доктори, лойиҳа илмий раҳбари, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти Илмий кенгаши раиси:

«Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳасининг туғилиш санаси деб 2015 йил баҳорини ҳисоблаш мумкин.

Бугунги кунда дунёнинг етакчи институтлари, университетлари, илмий марказлари ва фанлар академиялари билан илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш зарурати аниқдир. Фан ва олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатнинг устувор вазифаларидан биридир. Бу ғоя кўплаб фармон ва ҳукумат ҳужжатларида ўз аксини топган. Бизнинг лойиҳамизга келсак, Ўзбекистон маданий меросини асраб-авайлаш, тадқиқ қилиш ва оммалаштириш давлатимиз раҳбарининг диққат марказида. Айнан шу эътибор ва тегишли шарт-шароитларни яратиш лойиҳани муваффақиятли амалга оширишнинг асосий кафолати ҳисобланади.

Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон маданий меросини асраб-авайлаш ва оммалаштириш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. «Ўзбекистон — буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империялар, динлар, маданиятлар» халқаро анжумани ҳам, Маданий мерос ҳафталиги ҳам, аминманки, кейинги тадқиқотлар ва ажойиб кашфиётлар учун янги уфқлар очади».