Эркаклар камари — жасорат, мардлик ва обрў-эътибор рамзи

Илгари эркаклар тақинчоқлари орасида узуклар, жиға (ҳукмдорлар салласига қадаладиган махсус безак) ҳамда камарлар бўлган. Айниқса, турли тошлар билан безатилган ва заррин камарларни алоҳида қайд этиш мумкин. Эркаклар белбоғлари ва камарлари жасорат, мардлик ва обрў-эътибор рамзи ҳисобланган.

Бухоронинг оддий аҳолиси матодан тайёрланган белбоғдан, ҳарбийлар ва аслзодалар чарм камардан фойдаланган. Амир камарбанди чарм ёки майин кимхоб, баъзан зарбоф бўлиб, кумуш ёки олтиндан ясалган қадама безак билан безатилган. Камар йирик нақшли, қимматбаҳо тошлар, қора кумуш билан безатилган, тилла суви зарҳалли кумуш тўқага тақилган. Кумушдан тайёрланган, феруза ва қимматбаҳо тошлар билан моҳирона безатилган Бухоро камарлари заргарлик санъатининг ўзига хос буюми бўлган. Шу билан бирга, бало-қазолардан асраш вазифасини ҳам ўтаган. Қадимий ривоятларга кўра, кумуш заҳар кучини кесиб, ёвуз руҳларни ҳайдаган ва покликни сақлаган. 

Бухоролик усталар эркакларнинг анъанавий байрам чопонлари учун йирик нақшли, қимматбаҳо тош ва қора кумуш билан безатилган тўқали камарлар тайёрлаганлар. Баъзан камарга айлана ёки жимжимадор медальонлар қадаб чиқилган. Энг қиммат камарлар нафис нақшли, қайрилган заргарлик пластинкаларидан ташкил топган. Албатта, ҳар қандай камарда унга осиладиган қинли пичоқ ва камар соҳибининг жамиятдаги мақомига мувофиқ қилич бўлган.