Эрондан туҳфа: нодир Қуръон нусхаси Ислом цивилизацияси марказидан жой олди

Тошкентда ўтказилган халқаро экспертлар форуми доирасида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказига Темурийлар даврининг бебаҳо меросидан бири — Шероз ҳокими ва машҳур хаттот Иброҳим Султон қўли билан кўчирилган Қуръоннинг факсимиле нусхаси тақдим этилди. Бу ҳақда Марказ ахборот хизмати хабар берди.

Маълумки, Амир Темурнинг вориси Шоҳрух Мовароуннаҳр ва Хуросон ҳудудларида ҳукмронлик қилган бўлиб, унинг фарзандлари илм ва маданиятга катта эътибор берган. Шулардан бири Иброҳим Султон нафақат адолатли ҳукмдор, балки юксак маҳорати билан тарихда ном қолдирган хушнавис сифатида танилган. Унинг “хатти муҳаққақ” услубида кўчирган Қуръони эса Темурийлар даври қўлёзмалари ичида энг нодир дурдоналардан бири ҳисобланади.

— Бу асарнинг асл нусхаси ҳозирда Эроннинг Машҳад шаҳридаги Ҳазрати Имом Ризо зиёратгоҳида жойлашган Остон Қудси Разавий кутубхонасида сақланмоқда. Форумда тақдим этилган факсимиле нусха эса Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фондларини янада бойитади, — деди Эрон Миллий архиви ва кутубхонаси раиси Ғуломризо Амирхоний.
 

Тадбир давомида Ўзбекистон ва Эрон ислом республикаси қўлёзмалар ва факсимиле асарларни ўрганиш, нашриёт соҳасида тажриба алмашиш, мутахассислар ўртасида илмий алоқаларни йўлга қўйиш каби йўналишларда ҳамкорлик қилишга келишилди.