Тошкентда "Олтин Ҳумо" миллий кинотақдимоти ўтказилади
22 декабрь куни Киночилар уйида Ўзбекистон Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси томонидан анъанавий “Олтин Ҳумо” миллий кинотақдимоти бўлиб ўтади.
"Миллий кинематография — Янги Ўзбекистоннинг тимсоли" киноойлиги доирасида ташкил этилаётган тақдимотда ғолиблар "Энг яхши сценарий", "Энг яхши операторлик иши", "Энг яхши режиссёрлик иши", "Энг яхши аёл роли", "Энг яхши эркак роли", "Томошабин меҳрини қозонган фильм", "Энг яхши фильм", "Миллий кинематографияга қўшган ҳиссаси учун" каби номинациялар бўйича тақдирланади.
Мазкур кинотақдимот дастуридан 2019-2020 йиллар суратга олинган фильмлар ўрин олган бўлиб, тадбир кино соҳасида фаолият юритаётган ижодкорларнинг меҳнатларини муносиб баҳолаш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилмоқда.
Саралаш комиссияси аъзолари томонидан танланган номзодлар номинациялар бўйича ғолиблик учун даъвогарлик қилишади.
"Олтин Ҳумо" миллий кинотақдимоти саралаш комиссияси аъзолари таркиби қуйидаги мутахассислардан иборат:
1. Исамат Эргашев – саралаш комиссияси раиси, кинорежиссёр, актёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими;
2. Шуҳрат Маҳмудов – кинорежиссёр, Давлат мукофати совриндори, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби;
3. Бахтиёр Назаров – рассом, доцент, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби;
4. Ойбек Копадзе – киношунос, санъатшунослик фанлари доктори;
5. Мавзур Махмудов – режиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими;
6. Бахтиёр Якубов – киношунос, санъатшунослик фанлари доктори (РНD).
Маълумот учун, сараланган фильмлар "Олтин Ҳумо" миллий кинотақдимотида 2019 йилнинг 1 январидан 2020 йилнинг 31 декабрига қадар (икки йил давомида) премьераси бўлиб ўтган киномаҳсулотлар орасидан танлаб олинган.
