Ўзбек миллий либосининг ажралмас қисми пойабзаллардир. У инсонга иқлим ҳамда ландшафтнинг алоҳида хусусиятларига, хўжалик фаолият турларига яхшироқ мослашиш имконини беради. Пойабзал ишлаб чиқариш энг зарурий эҳтиёж сифатида, асосан маҳаллий бозорларда сотиш кўзда тутилган ҳолда, деярли ҳамма жойда ривожланган. Ўрта Осиё бозорларида оёқ кийимлар алоҳида “чарм” ва “пойабзал” расталарида сотилган.
Ўрта Осиёнинг ярим кўчманчи аҳолиси ўтроқ аҳолидан сотиб олган сахтиён ёки саур яшил рангда эди. Пойабзал чарми қора, жигарранг, қизил, кўк ранглар ва уларнинг кўплаб тусларига бўялиши мумкин эди. Пойабзалларни тайёрлашда аксар ҳолларда чармдан ташқари кўпинча кашта билан безак берилган мато ҳам ишлатилган.
Пойабзал тайёрлашда ишлатилган материал ва безак табиати соҳибининг ижтимоий мавқеини аниқлашда муҳим аҳамият касб этган. Юфт (юмшоқ кўн), сахтиён, бахмал, зарҳал ип, кумуш сингари материаллар аҳолининг фақат имтиёзли қатламлари киядиган пойабзалларни тикишда ишлатилган. Зар тикилган этикларни фақат ҳукмрон амир сулоласи, оила аъзолари кийган. Оёқ кийимларнинг безагига қараб, уларда хўжалик фаолияти акс этганини кузатиш мумкин. Шундай қилиб, ўтроқ аҳоли, шаҳарликлар этиклар ва пойабзалларини турфа гулли нақшлар билан безашни афзал кўрганлар. Кўчманчи-чорвадорлар учун «қўчқор шохи» энг севимли безак бўлган.
Эркаклар ва аёллар пойабзалларининг қопламаси деярли бир хил бўлган. Аёллар оёқ кийими эркакларникидан ўлчами, қўнжи (агар бор бўлса) кенглиги ва баъзан пойабзалнинг бутун сиртини қоплаб турувчи мўл безаклари билан ажралиб турарди.
Уч ёшгача бўлган болалар деярли пойабзал кийишмаган. Умуман олганда, болалар пойабзали катталар кийган, лекин аллақачон фойдаланмай қўйган чориқ ва этиклардан тикилган.
Марказий Осиё аҳолисининг қишки кийимлари одатда пошнасиз бўлган. Қўнжи шим ёки иштон почаси, кигиз пайпоқлар ёки пайтаваларни киргизиб қўйиш мумкин бўлиши учун баландроқ ва кенгроқ ишланган. Ёзги оёқ кийимлар қўнжи тор ва пастроқ, пошналари турли баландликда, астарсиз ёки патаксиз бўлиши билан ажралиб турарди.
Умуман олганда, пойабзаллар этномаданий ва жинс ҳамда ёшга мансубликни акс эттирган, шунингдек, эгасининг ижтимоий мақомини ҳам кўрсатган. Безак ва материаллар унинг кўз тегишидан, хасталикдан, нопок кучлардан асровчи тумор сифатида хизмат қилишига, ҳаёт давомидаги маросимлари билан алоқадор бўлишига имкон берди. Шу билан бирга, ерга бевосита тегиб тургани учун Ўрта Осиё халқларининг анъанавий дунёқарашида пойабзал одатга кўра тоза буюм сифатида қабул қилинмаган. Уй ичкарисида пойабзал кийилмаган – меҳмонга борганда ёки уйга кирганда уни ечиб қўйганлар. Услуби узоқ вақт давомида ривожланиб келган ўзбек пойабзали, сўзсиз, осонгина таниб олинади, айтиш жоизки, у халқнинг моддий ва маънавий маданияти ҳақидаги барча маълумотларни ўзида мужассам этган.
Суратда Қозон университети Этнография музейида сақланаётган аёллар туфлиси, эркаклар этиги, аёллар ва болалар этиклари акс этган.
WOSCU aхборот хизмати