ХI–ХII асрларда Мовароуннаҳр ҳудудида яратилган исириқдон ўрта аср металлга ишлов бериш санъатининг ёрқин намунасидир. Ушбу буюм фақат амалий идиш сифатидагина эмас, балки ўз тузилиши, безаги ва рамзий ечимлари орқали маънавий мазмун касб этган санъат асари сифатида қаралади.
Исириқдон бронзадан ясалган бўлиб, кенг оғизли косача ва уни кўтариб турувчи учта таянчга эга. Бу таянч оёқлар фил қиёфасида ишлангани билан эътиборни тортади ва махсус маросимлар учун ишлатилган қимматли ашё эканлигидан дарак беради.
Гўзал Ваҳобова, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори:
“Исломий ўрта асрлар даврида бундай бронза идишлар асосан хушбўй ҳид тутатиш, яъни бахур ёқиш учун қўлланилган. Археологик топилмалар ва ёзма манбаларга қараганда, бахур тутатиш одати маконни ҳид орқали тозалаш, уни маънавий жиҳатдан поклаш билан боғлиқ бўлган. Шу сабабли бундай идишлар оддий рўзғор буюми эмас, балки маросим ва ибодат жараёнларида ишлатиладиган махсус ашё сифатида қадрланган. Экспонат юзасидаги нақшлар исломий геометрик безаклар билан турли маданий анъаналарга хос рамзларни бирлаштирган. Айниқса, фил образининг қўлланилиши диққатга сазовор. Бу ҳолат Марказий Осиё ҳудудининг Ҳиндистон ва бошқа минтақалар билан яқин маданий алоқада бўлганини кўрсатади. Яъни бу ашё маҳаллий ҳунармандчилик маҳсули бўлиши билан бирга, турли маданиятлар таъсирида шаклланган бадиий тафаккурни ҳам ўзида мужассам этган”.
Ушбу артефакт 2025 йилда Лондондан Ўзбекистонга қайтарилди. Бугун у Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин олган.