Қуроқнинг ўзига хос келиб чиқиш тарихи бор. Авваллари кўчманчи халқлар қимматбаҳо ипак, адрас, парча ёки бахмал матоларини ўзлари ишлаб чиқаришмаган, уларни доимо ўтроқ яшовчи қўшниларидан сотиб олишган. Шунинг учун матоларга жуда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишган.
Кўйлаклар учун матолар бичилганда ортиб қолган қийқимлар ташлаб юборилмаган, улар алоҳида жойга тўплаб қўйилган. Маълум миқдорда йиғилган турли рангли ва безакли қийқимлар квадрат ва учбурчак шаклида кесилиб, чойшаб ва ёпинчиқ ўрнида ишлатиладиган кўрпа, ёстиқ жилдлари, бешик кўрпа, кўрпачалар тайёрлаш учун чиройли бир бутун кўринишда қўшиб тикиб чиқилган. Чимилдиқ, дастурхон, болалар кийимлари ва бошқа кўплаб нарсалар ҳам қуроқ услубида тикилган. Буларнинг барчаси келинлар сепининг ажралмас қисми саналган.
Қуроқ санъати, биринчи навбатда, ташлаб юбориладиган мато парчаларидан гўзаллик яратишни уддалаган аёлларнинг омилкорлигидан далолат беради. Тикувчиларнинг маҳорати ва бадиий диди, унинг ранг ва услубни тўғри танлай олиш қобилиятида, турли ўлчамдаги мато бўлакларини мураккаб, калейдоскопик бўлакларга бўлиб, ҳар доим симметрик ва ўзаро мос композицияларга аниқ жойлаштира олишида кўзга ташланади.
Қуроқ дашт маданиятида муҳим рамз саналган. Турли кўринишдаги қуроқлардан бирлаштириб, тикиб тайёрланган маҳсулотлар умрни узайтириш ғоясининг ва олдиндан сақланиб келаётган оила, уруғ, жамоа, давлат бирлигининг ифодаси саналган. Бирлик тушунчаси дашт аҳолиси учун асосий ғоя саналган, чунки оилада яқинларнинг қўллаб-қувватлаши ва ҳимоясисиз яшаш қийин бўлгани каби узоқ масофаларга кўчиб ўтаётганда бутун уруғ вакиларининг ёрдамисиз кўчиш ҳам қийин кечган. Шундай экан, кенг маънода қуроқ сўзини ижтимоий алоқаларнинг образи сифатида ҳам кўриш мумкин. Ҳатто услубнинг қуроқ, қурама (қураш – боғлаш сўзидан) деб номланишининг ўзи ҳам сўзма-сўз маъносига кўра фақат «ямоқ», «қуроқлардан тикилган кўрпа» эмас, балки «конгломерат», «бирлик» деган маъноларни ҳам англатади. Янги турмуш қурганларнинг ёстиғи, кўрпачалари, чимилдиқ пардалари, дастурхонлари нега қуроқ билан безатилгани энди ойдинлашди. Бу келин-куёвнинг худди қуроқлар каби қовушиб яшаши, бир бутун бўлиши ниятида қилинган. Қуроқли чойшабда парчалар қанчалик кўп бўлса, ёш оилага шунча кўп болалар, соғлиқ ва бойлик ҳақидаги тилаклар билдирилган. Тикилмай қолиб кетган қуроқлар қариндошлик ришталари, ижтимоий ва табиий алоқаларнинг узилиши, деб ҳисобланган.
Ҳунарманд аёллар (Ургут, Нурота) билан мулоқот натижасида тўпланган асосий шакллар талқинини тақдим этамиз:
бўтакўз – квадрат ромб, қора ва оқ уйғунлигидаги нақш – ёмон кўздан асровчи ҳимоя тумори;
ғоз бўйин – ромблар занжиридан иборат нақш, эҳтимол, тотемга оид рамз;
гул – наслдорлик рамзи – юлдузсимон нақш, самовий ҳимоя;
ёғоч, дарахт – ҳаёт дарахти, наслдорлик рамзи – ромблар занжиридан иборат нақш;
қўш муйиз – жуфт шохлар нақши, ҳимоя, фаровонлик;
қуш изи – тотемга оид рамз;
қуш қанот – тотемга оид рамз;
қўчқор муйиз – қўчқор шохи нақши, ҳимоя, фаровонлик;
минора – муқаддаслик рамзи, тўғри тўртбурчак нақш;
муйиз – шохсимон нақш, ҳимоя, бойлик;
нур – ҳимоя – энсиз тўғри тўртбурчак нақш;
саккиз япроқ – саккиз қиррали юлдуз нусхаларидан бири, ҳимоя;
саккиз қиррали ўрнак – саккиз қиррали юлдуз, само ҳимояси;
тумор – учбурчак нақш, ҳимоя;
турна – учбурчаклар занжири кўринишидаги нақш – учувчи ғозлар/турналар, турнанинг тумшуғи – ҳимоя, хушхабар. Қўнғиротлар тўрваларининг ҳошияларини безашда фойдаланилган (Сурхондарё);
туя кўзи – тумор, ромб шаклидаги нақш;
умуртқа – ҳимоя, тумор, наслдорлик – арча дарахти шаклидаги нақш;
уч кўз – тизилган ромблар нақши, ҳимоя;
юлдуз – илоҳ, самовий ҳимоя – юлдузсимон нақш;
япроқ – қия ромб ёки битта бурчаги қия тўртбурчак, наслдорлик рамзи.