Гулбарг шаклидаги қўрғошин идиш – Ғазнавийлар даврига оид артефакт

Ўрта асрларда Хуросон ва Мовароуннаҳр илм-фан, маданият, амалий санъат ва ҳунармандчиликнинг йирик марказларидан бири бўлган. Бу ерда яратилган буюмлар нафақат турмуш эҳтиёжлари учун хизмат қилган, балки халқнинг юксак бадиий диди ва маънавий дунёқарашини ҳам намоён этган.

Шундай ноёб артефактлардан бири – гулбарг шаклидаги қўрғошин идиш. Тахминан XII–XIII асрларга, Ғазнавийлар даврига оид ушбу топилма ҳозирда Лондондаги “Орфеус” галереясида сақланмоқда. Бундай идишлар ўша даврда тантанали маросимларда, уй безагида кенг қўлланилган ва ҳунармандлар маҳоратининг юқори даражасини ифода этган.

Афсуски, Ўзбекистон музейларида бу турдаги буюмлар жуда кам сақланган. Шу боис, уларни халқаро коллекциялардан олиб келиш миллий меросимизни бойитиш ва халқимиз тарихини кенг жамоатчиликка намойиш қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Гулбарг шаклидаги қўрғошин идиш Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин олиши кутилмоқда.