"Хивадон" чопонлари

Хива хонлигининг гуллаган даври ХIХ аср бошларига тўғри келади. Сарой маданияти юксалиб, қимматли меъморий иншоотлар барпо этилган, халқаро савдо тезлашган. Мамлакатнинг энг йирик ҳунармандчилик марказлари – пойтахт Хива ва Хоразмнинг собиқ пойтахти Урганч бўлиб, улар тўқилган мато ва либос маҳсулотлари билан машҳур марказлар ҳисобланар эди.


Хива хонлигига бир неча бор ташриф буюрган венгер шарқшуноси ва сайёҳ Арминий Вамбери (1832–1913 йиллар) шундай ёзган: “Хива саноати маҳсулотлари орасида Урганч чопони, яъни Урганчдан келтирилган кафтан машҳур. У бизнинг чопонларга ўхшаш йўл-йўл икки рангли матодан (жун ёки ипакдан, кўпинча иккала ип аралаштириб) тикилади”.

Хива матолари ва улардан тайёрланган маҳсулотлар маҳаллий бозорда ҳам, қўшни ҳудудларда ҳам харидоргир эди. Хусусан, туркман қабилалари орасида ўзбекларнинг сифатли пахтадан йўл-йўл силлиқланган газламалари ва улардан тикилган қишки пахтали чопонлари – хивадон (маъноси “Хива иссиқ чопони”), шунингдек, Хива гулбосма бўзи – устки кийимлар астари учун ишлатиладиган, ислимий ва ҳандасавий нақшли читга талаб юқори эди.

Тадқиқотчилар хоразмликларнинг кийимлари бичими камтарона эканлиги ва ранглар гаммасининг сиполиги билан ажралиб туришини бир неча бор таъкидлаганлар. Бугунда Туркманистон Давлат музейи айнан шу хусусиятга эга ўзбек тўқимачилик коллексиясига эга.

Yo'l-yo'l ikki rangli... "Xivadon" choponlari