Ҳиндистоннинг Рампур Раза кутубхонасида Ўзбекистоннинг адабий мероси саналган кўплаб қўлёзмалар сақланади. 2982 рақамли қўлёзма кўплаб афсоналарнинг асосий қаҳрамонлари саналган икки чиябўри – Калила ва Димна номи билан аталувчи ҳайвонлар дунёси ҳақидаги машҳур ибратли ҳикоялар тўпламидир.
"Калила ва Димна" Абу Маъолий Насруллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдулхайй томонидан унинг ҳомийси Баҳром Шоҳ Ғазнавий учун 1144 – 1145 йилларда ёзилган асар бўлиб, у мил. авв. 500 ва 100 йиллар оралиғида яратилган машҳур ҳинд масаллар тўплами бўлган "Панчатантра"нинг таржимасидир.
Қўлёзма Темурийлар саройининг машҳур хаттоти Султон Али Машҳадийнинг (1437 – 1520 йиллар) таниқли шогирдларидан бири Султон Муҳаммад Нур номи билан танилган Султон Муҳаммад ибн Нуруллоҳ (ҳижрий 938/милодий 1531 йилда вафот этган) томонидан кўчирилган. Унинг бу борадаги хизматлари кўплаб биографларда шубҳа туғдирса-да, уни Султон Ҳусайн Бойқарога ва Мир Алишер Навоийга хизмат қилган деб ҳисоблашади. Ушбу қўлёзмадан, эҳтимол, 1500 – 1510 йиллар давомида Ҳиротда нусха кўчирилган бўлиши мумкин. Қўлёзмада Ҳирот мактабига оид 79 та миниатюра мавжуд.
"Калила ва Димна"нинг энг биринчи асл санскритча талқини сосонийлар шоҳи Ануширвон-Хусрав II (ҳукмронлик даври: 531 – 579 йиллар) саройи табиби бўлган Бурзуяи Табиб томонидан паҳлавий тили (ўрта форс тили)га таржима қилинган. Кейинроқ араб, форс тилларига таржима қилинган. Китобнинг "Анвори Суҳайлий" (Суҳайлий нурлари) деб номланган яна бир ёрқин таржимасини темурийлар даврининг машҳур ёзувчиси, шоири ва ислом мутафаккири Мавлоно Ҳусайн Вўизи Кошифий бажарган. Ушбу асар ўрта асрларда Европада ҳам машҳур бўлган ва у ерда кўпинча "Бидпай масаллари" деб номланиб келган.