Ислом цивилизацияси маркази 35 мамлакатдан 200 дан ортиқ хорижлик олимларни қабул қилди

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) VIII Халқаро конгрессининг очилиш маросими арафасида тадбир иштирокчилари учун Тошкентдаги Ҳазрати Имом тарихий мажмуаси яқинида қурилаётган Ислом цивилизацияси марказига экскурция уюштирилди. 

Бутун дунёдан 300 нафар олим Ўзбекистон пойтахти ва бутун Марказий Осиёнинг бўлажак маданият дурдонаси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди. Мажмуа бўйлаб экскурция бошланишидан аввал катта экранда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказ ташкил этилгани, ушбу гўзал бино қурилишига илк тамал тоши қўйилгани ҳақида видеолавҳа намойиш этилди.

Айни пайтда бинода ички безатиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, Конгресс иштирокчилари Марказнинг маҳобатли қиёфасидан, шунингдек, бино ичидаги фойе деворларини безаб турган дурдона фрескалардан тўлиқ баҳраманд бўлиш имконига эга бўлдилар.

Журналистлар билан суҳбатда Ислом цивилизацияси маркази директори, WOSCU бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов мазкур лойиҳанинг муҳимлигини таъкидлади.

“Ислом цивилизацияси маркази мегалойиҳаси муҳтарам Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг муаллифлик ғояси бўлиб, илм-фан, маданият, маърифат ва таълим соҳасида кенг кўламли майдонга айланиши режалаштирилган. У қатор лойиҳаларнинг амалга оширилиши билан ривожланиб боради ва фан соҳасидаги ҳар бир лойиҳанинг натижаси нафақат янги кашфиёт, балки Марказнинг фондини доимий равишда тўлдиришга қаратилади. Шунинг учун биз ушбу режаларни амалга ошириш ниятидамиз ва кўплаб таниқли хорижий экспертларни таклиф қилдик”, - дея ишонч билдиради Абдухолиқов.

Кўргазма залида меҳмонлар археологик топилмалар, жумладан, заргарлик ва кулолчилик буюмлари нусхалари, ноёб қўлёзмаларнинг факсимилелари, меъморий ёдгорликларнинг макетлари, китоб-альбомлар ҳамда WOSCU аъзоларининг бошқа асарларини ўз ичига олган экспонатлар билан ҳам танишдилар. Бу экскурсиянинг асосий мақсадига айланди, чунки Конгресс иштирокчилари залларнинг мазмуни концепциясини аниқлашлари керак.

Халқаро Туркий Академия президенти Шайн Мустафоев ҳам Ислом цивилизацияси маркази музейининг мазмуни бутун лойиҳанинг энг муҳим таркибий қисми, деб ҳисоблайди.

“Ислом цивилизацияси маркази ва WOSCU ўртасидаги иттифоқ жуда самарали ғоя. Ўзбек маданияти ислом цивилизациясининг ажралмас қисмидир. Демак, Ислом цивилизацияси маркази нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё ва ислом олами учун жуда муҳим. Бу йирик тадқиқот ва музей маркази бутун минтақада ягонадир. Тез орада бу гўзал бино қуриб битказилади ва унинг залларини тегишли таркиб билан тўлдириш ягона масала бўлиб қолади. Чунки ташкилотнинг фаолияти айнан шунга боғлиқ. Конгресс иштирокчиларининг вазифаси бу борада ўз фикрларини билдириш ва таклифлар беришдир. Бу ғояларни бойитиш ва ўзига хос тўплам яратишга хизмат қилади”, — дейди Мустафоев.

Кембриж университети қошидаги Эрон тадқиқотлари маркази директори Феруза Мелвилл Ислом цивилизацияси марказини улкан лойиҳа деб атади.

“Ушбу ажойиб лойиҳа раҳбариятини табрикламоқчиман. Албатта, бир аср ёки умуман янги давр бошлаган бундай улуғвор ишни ниҳоясига етказиш учун ҳали кўп ишлар қилиниши керак. Ҳаммаси жуда таъсирли. Энди дизайн ва таркибни танлаш билан иш олиб борилмоқда, у аллақачон натижа бермоқда. Янги Ўзбекистон йирик халқаро лойиҳаларни амалга оширишда улкан тажрибага эга, халқаро алоқалар тармоғи йўлга қўйилган, шу боис бу мегалойиҳанинг муваффақиятига шубҳам йўқ”, — дейди Мелвил.

Москва Шарқий музейи вакили Екатерина Ермакованинг фикрича, Ислом цивилизацияси маркази ислом учун ўзига хос кўргазма майдончасига айланиши мумкин.

“Мен бу марказга биринчи марта келишим. Бу ажойиб лойиҳа. Ҳашаматли ва улуғвор. Эътиборлиси, Ислом цивилизацияси маркази диний муассаса эмас, балки маданий муассасадир. Бу эса кенг қамровли ишларга имкон яратади. Кўргазма фаолияти Марказ фаолиятидан бирига айланиши мумкин, деб ўйлайман. Қолаверса, булар музей ва галереяларда бўладиган оддий кўргазмалар эмас, балки ислом муаммоларини кўтарувчи кўргазмалардир, - дейди Ермакова.

Қатарнинг «Ал-Шарқ» газетаси бош муҳаррири Жадир Ал-Ҳармийнинг фикрича, Ислом цивилизацияси маркази ислом оламидаги етакчи марказлардан бирига айланади.

“Ўзбекистонда, шу қардош ва гўзал мамлакатда эканимдан хурсандман. Ислом цивилизацияси марказида бўлиш мен учун катта шарафдир. Бундай лойиҳаларнинг мавжудлиги Ўзбекистон Президентининг жаҳон тарихига беқиёс ҳисса қўшган буюк мерос ва олимларни қанчалик қадрлашини исботлайди. Бундай марказнинг ташкил этилгани тарихни асраб-авайлаш, келажак авлодларга етказиш муҳимлигини англашдан далолатдир. Зеро, ўз тарихини қадрлайдиган жамият ўз келажагини қуради, дейди Ал-Ҳармий.