Ислом цивилизацияси маркази экспозицияси учун тарихий артефактлар тўпланмоқда

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида 5 та асосий кўргазма зали ташкил этилади. Кўргазма экспозициялари тарихий артефактлар, факсимиле нусхалар, макет ва муляжлар, мазмунли контентлар билан бойитилади. Бу масала Илмий кенгашнинг навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида муҳокама қилинди.

Марказ раҳбари, Илмий кенгаш раиси Фирдавс Абдухолиқов маълум қилишича, белгиланган вазифалар бўйича сўнгги бир ой ичида 500 га яқин маҳаллий олимлар жалб қилинди. Қуръони карим зали, Исломдан аввалги давр цивилизациялари, Биринчи Ренессанс даври, Иккинчи Ренессанс ва ўзбек хонликлари даври, “Янги Ўзбекистон – Янги ренессанс” сингари бўлимлар учун 800 дан зиёд лойиҳалар ишлаб чиқилди. Айни пайтда дастлабки босқич бошланган, унда 400 дан ортиқ лойиҳалар устида Илмий кенгаш аъзолари билан маслаҳатлашган ҳолда ишлар жадал олиб бориляпти.

Йиғилишда Ислом цивилизацияси марказида Реставрация бўлимини ташкил этиш юзасидан Россия Давлат Эрмитажи музейининг бўлим бошлиғи Игорь Малкиель ва музей вакили Ирина Гурулева тақдимот қилди. Тақдимот давомида Россия Давлат Эрмитажи музейида сақланаётган Ўзбекистон маданияти ва тарихига оид экспонатларни марказ экспозициясига олиб келиш ва шу билан бирга Марказда махсус йирик лаборатория ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Шунингдек, дунёдаги нуфузли "1001 кашфиёт" медиа-лойиҳаси  директори ва продюсери Аҳмад Салим (Буюк Британия) болалар учун махсус интеллектуал майдонча ташкил этиш бўйича ўз лойиҳасини тақдим қилди. Унинг таъкидлашича, мазкур майдонча болаларга алломаларнинг ҳаёти ва мероси билан яқиндан танишиш, виртуал мулоқот қилиш имкониятини яратади. Болалар учун марказни таништирувчи рангли китоблар нашр этиш, вилоятлардаги болалар учун кўчма намойишларни ташкил этиш режалари ҳақида ҳам маълумот берилди. Бу лойиҳа 3 тилда – ўзбек, инглиз ва рус тилларида амалга оширилади.

Қуръони карим залида бу илоҳий китобнинг 316 та нодир нусхалари намойиш қилинади. Унда хорижнинг турли музейларида сақланадиган қимматбаҳо, Қуръони карим китобининг асл ва кўчирма нусхалари олиб келинади. Экспонатлар очиқ намойишга қўйилади. Шунингдек, 2025 йил 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Саудия Арабистонининг Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон Рабиа томонидан топширилган Саудия Подшоҳининг ҳадяси – муқаддас Каъба ёпинчиғи (Кисва)нинг бир бўлаги ҳам ўрин олади.

Исломдан аввалги давр цивилизациялари бўлими 5 та кичик бўлим (Қадимги Хоразм, Сўғд, Бақтрия, Чоч ва Қадимги Фарғона) цивилизацияларига ажратилган. Умумий ҳисобда республика музейларидан олинадиган артефактлар 44 та, Марказ фондида сақланаётган қўлёзма ва асл нусхалар 37 та, хорижий музейлардан олинадиган артефактлар 39 тани ташкил этади. Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу бўлимга қўшимча жалб қилинадиган умумий экспонатлар сони 200 дан ошади. 

“Биринчи Ренессанс даври” бўлимида 220 дан ортиқ артефактлар, 126 тадан ортиқ лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.

“Иккинчи Ренессанс” бўлими экспозицияси эса 148 та лойиҳа бўйича шахслар кесимида 5 та даврга бўлиниши кўзда тутилган. Амир Темур, Шоҳрух Мирзо, Мирзо Улуғбек, Cултон Ҳусайн Мирзо ва Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур секторлари шулар жумласидан. Шулардан 304 таси хорижда сақланаётган Темурийларга оид ашёлар, 106 та Ўзбекистонда мавжуд бўлган ашёлар умумий сони келажакда база сифатида киритилади. 

Кенгаш йиғилишида таъкидланишича, экспедиция давомида мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид 300 дан ортиқ  экспонатлар топилди. ЮНЕСКО томонидан яна 400 дан ортиқ экспонатлар Марказга тақдим этилиши, Ўзбекистон Маданият вазирлиги томонидан ҳудудлардаги уй музейлари, маданият масканларидан ҳам экспонатлар тўпланиши режалаштирилмоқда.