Катта Лангар Қуръони қўлёзмаси саҳифалари тўлиқ тикланди

Ўзбекистон Маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) мутахассислари томонидан Катта Лангар Қуръони саҳифалари суралар тартибига мувофиқ қайта жамланди. Натижада қўлёзманинг илк бор тўлиқ факсимил нашри яратилди. Бу олимларнинг саккиз йил давомидаги изланишлари, ўрганишлари натижасидир.

Факсимил нашрда ҳар бир саҳифанинг ранги, хат услуби, нуқсонлари ва ҳатто тарихий тузатишлари асл нусхага максимал даражада яқин ҳолда тикланган. Шу билан бирга, ўзбек тилидаги таржима ҳам киритилди. 

Қадимий ва ноёб ёзма манбалардан бири бўлган Катта Лангар Қуръонининг тарқоқ саҳифалари бирлаштирилган ҳолатда эндиликда Ислом цивилизацияси марказида жаҳон жамоатчилигига намойиш этилмоқда. 

Маълумот учун: Катта Лангар Қуръони асрлар давомида шаклланган, турли тарихий воқеалар ва тақдирларни ўз ичига олган нодир ёзма манба ҳисобланади. Илк бор ягона қўлёзма сифатида яратилган бу Қуръон кейинчалик турли мамлакат ва марказларга тарқаб кетган. Қарийб минг йил давомида ушбу саҳифалар муқаддас омонат сифатида авлоддан-авлодга ўтиб келган. Айрим даврларда йўқолган, айрим ҳолларда эса тасодифан қайта топилган.

Қўлёзма бузоқ терисидан тайёрланган пергаментга ҳижозий хат услубида битилган. Бу услуб ислом хаттотлиги тарихида энг қадимий ва ноёб йўналишлардан бири ҳисобланади. 2000 йилда Нидерландиядаги Гронинген университетида ўтказилган радиокарбон таҳлиллари саҳифаларнинг милодий 975–995 йилларга мансублигини илмий жиҳатдан тасдиқлади. Мазкур натижалар қўлёзманинг ҳақиқийлиги ва тарихий қийматини шубҳасиз асослаб берди.

Тарихий жараёнлар натижасида қўлёзманинг катта қисми ХIХ аср охири — ХХ аср бошларида Россия империяси томонидан Туркистон ўлкасидан олиб чиқилган. Бугунги кунда Катта Лангар Қуръонининг 81 саҳифаси Санкт-Петербургда, 17 саҳифаси эса Тошкент, Бухоро ва Самарқандда сақланмоқда.

Қуръоннинг “Катта Лангар” деб номланиши ҳам бежиз эмас. Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида жойлашган Катта Лангар қишлоғи асрлар давомида Ишқия тариқати шайхлари фаолият юритган муҳим маънавий марказ бўлган. Бу ҳудудда зиёратгоҳлар, масжид ва мақбаралар жойлашган бўлиб, улар диний-маърифий ҳаётда катта ўрин тутган.