1404 йилда Амир Темур саройига Испания қиролининг топшириғига кўра элчи вазифасида ташриф буюрган Руи Гонзалес де Клавихо Мироншоҳ Мирзо, Халил Султон, Бибихоним каби тарихий шахслар билан учрашган.
Элчи Темурий малика – Бибихоним (Сароймулкхоним)нинг ташқи ташқи кўринишини тавсифлар экан, шундай ёзади:
"Эгнига зарбоф, этаги ерда судралиб турган, узун ва кенг, енгсиз ва ёқасиз қизил шоҳи кўйлак кийган. Кўйлак белга қараб торайиб кетган ва этагигача кенгайиб борган. Маликанинг юзига офтобдан сақланиш учун шунчалик кўп оқ мойупа суртилган эдики, чеҳраси бамисоли оқ қоғозга ўхшарди. Қишда ва ёзда сафарга чиққан асилзода аёллар юзларига шунақа мойупа сурадилар.
Маликанинг юзига ҳарир оқ мато тутулган, бошида — худди жангда кийиладиган дубулғага ўхшаш учли қизил бош кийим. Унинг бир учи хонимнинг елкасига тушиб турибди. Бу қизил дубулғага кўплаб дурри ноёблар, ёқут, феруза ва бошқа хилма-хил қимматбаҳо тошлар жуда чиройли қадалган. Бош кийимнинг елкасига тушиб турган қисмига ҳам қимматбаҳо тошлар билан безатилган чиройли тилла бергак qadalgan... Хонимнинг қоп-қора сочлари елкаларига тушиб турибди..."
Клавихонинг ёзишича, Бибихонимнинг либоси оғирлигидан унинг ортидан 15 нафар қиз кўмаклашиб юрган.
Бибихоним либоси қайта яратилди
Орадан 600 йилдан кўпроқ вақт ўтиб, Бибихоним либоси Клавихо ёзиб қолдирган манбалар ва миниатюралар асосида қайта яратилди. Либос устида техника фанлари доктори, профессор Холида Комилова иш олиб борди. Бугун ушбу либос Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан жой олган.