Авввал хабар берилганидек, 2025 йилнинг 25 апрелидан 2 майига қадар Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация аъзолари Буюк Британиянинг Лондон шаҳрига қилган хизмат сафари давомида дунёга машҳур "Sotheby's" ва "Christie's" аукцион уйларидаги савдоларда иштирок этиб қайтди.
Делегация аъзолари иштирок этган кимошди савдосида Ўзбекистон маданий меросига, хусусан, Исломгача бўлган давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ҳамда хонликлар даврига тегишли нодир осори-атиқалар ҳам борлиги маълум қилиниб, 46 та лот саралаб олинган эди. Ушбу тарихий экспонатлар Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан жой олиши кўзда тутилган.
Куни кеча кенгайтирилган йиғилишда Ўзбекистон маданий меросига оид экспонатлар кўриб чиқилди ҳамда уларни юртимизга қайтариш имкониятлари муҳокама қилинди.
Йиғилишда академик Акбар Ҳакимов Лондондаги бир қатор арт-дилерлар коллекцияларида сақланаётган Сомонийлар, Ғазнавийлар, Хоразмшоҳлар, Қорахонийлар, Темурийлар ва Ўзбек хонликлари даврига мансуб осори-атиқалар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Жумладан, Лондондаги Довуд Шоҳ коллекциясида Салжуқийлар сулоласи вакили — Абу Мансур ибн Сабуктекинга тегишли бўлган кумуш патнис сақланаётгани маълум қилинди. У Султон Маҳмуд Ғазнавийнинг укаси бўлиб, Марказий Осиё ва Эрон тарихида муҳим сиёсий шахс сифатида танилган. Шунингдек, бошқа коллекциялардаги Ғазнавийлар сулоласининг сўнгги ҳукмдори Хусрав Маликга тегишли тақинчоқ, Темурийлар авлодларига оид қилич, Шаҳрисабз сўзанаси, сопол идишлар ва бошқа ёдгорликлар билан таништирилди. Улар нафақат моддий бойлик, балки маънавий ва илмий аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Бу каби саъй-ҳаракатлар миллий меросимизни асраб-авайлаш, қайта тиклаш ва келажак авлодларга етказишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Июль ойида делегация аъзоларининг Лондондаги йирик коллекционерлар — Сарухани, Халилий, Билол Судчи, Довудшоҳ каби дилерлар билан учрашувлар белгиланган.