Лондондаги аукцион уйларидан Ўзбекистон маданий меросига оид 60 га яқин лот сараланди

Хабар берилганидек, 2025 йил 25 апрелдан 2 майга қадар Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти раиси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация аъзолари Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида хизмат сафарида бўлди ва машҳур Sotheby's ва Christie's аукцион уйларидаги савдоларда иштирок этди.

Қайд этиш керак, сафар доирасидаги учрашувларда, ташкилий масалаларда Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Равшан Усмонов, элчихона масъул ходими Жасур Валиев томонидан амалий кўмак кўрсатилди.

Мазкур савдо уйларидаги кимошди савдосида Ўзбекистон маданий меросига, хусусан, Исломгача бўлган давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ҳамда хонликлар даврига тегишли нодир осори-атиқалар, Бобурийлар даврига оид 2 та ханжар (биттаси қини билан), битта қилич (қини билан), битта қимматбаҳо ханжар дасталари мавжудлиги маълум қилинди.

Савдоларда Ўзбекистон маданий меросига бевосита алоқадор бўлган 60 га яқин лот сараланди. Улар орасида 9 та нодир Қуръон фрагменти ва саҳифалари, 3 та Қуръон қўлёзмаси бор. Жумладан, Амир Темур топшириғига асосан хаттот Умар Ақтаъ томонидан кўчирилган улкан Қуръон қўлёзмасининг бир парчаси (Бойсунғур Қуръони) муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, аукционда савдога қўйилган тарихий экспонатларда қўлёзмалар, миниатюралар, халқ амалий санъати намуналари борлигига гувоҳ бўлдик, – дейди Фирдавс Абдухолиқов. 

Шу билан бирга, делегация аъзолари Буюк Британияда истиқомат қиладиган Али Сарухани, Сэм Фогг, Меҳмет Кескинер, Довуд Шоҳ, Билал Сутчи сингари коллекционерларнинг шахсий тўпламларида сақланаётган Ўзбекистонга оид тарихий дурдоналар билан танишди. Халилий коллекцияси вакиллари билан халқаро кўргазма бўйича келишиб олинди. Коллекционерлардан ушбу нодир артефактларни Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро кўргазмага олиб келиш юзасидан музокаралар олиб борилди.