Қўлёзма китоблар ўрта асрлар ислом даври санъатининг чинакам дурдонаси ҳисобланади. Китобнинг тайёрланиши ва безатилиши билан боғлиқ ҳамма жараёнга – у хоҳ диний матн, хоҳ илмий рисола ёки шеърлар тўплами бўлсин – санъат оламидаги оддий ҳаракат эмас, балки муқаддас маросим сифатида ҳам қаралган.

Битта қўлёзмани тайёрлаш учун турли мутахассислардан иборат жамоа: қоғозрез, хаттот, заҳҳоб, мусаввир, саҳҳоф иштирок этишган. Таъкидлаш жоизки, улар халқ ҳунармандлари эмас, балки ижод оламининг энг яхши намояндалари, кўп йиллик таълим ва тажрибага эга ўз касбининг усталари бўлишган. Иши ўзаро уйғунликда йўлга қўйилган жамоада асосий ролни ҳуснихати чиройли бўлган хаттотлар ёки котиблар ижро этишган.
Тайёр қўлёзма варақлари унга турли суратлар ва нафис нақшлар билан безак берувчи мусаввир қўлига ўтган. Бу касб лаввоҳ (кенг маънода безакчи), музаҳҳиб (вараққа тилла суви юргизиб нақш солишга ихтисослашган заҳҳоб), наққош каби турли номлар билан машҳур бўлган.
Китоб саҳифаларидаги нақшларнинг жойлашиш тартиби хаттотнинг иши бошланишидан олдин режалаштириб чиқилган. Дастлаб, шаффоф қоғозда чизилажак нақшнинг тахминий нусхаси тайёрланган. Кейин чизилган контур бўйича игна билан тешиб чиқилган ва устидан кўмир кукунини сочиб чиқиш усулида қўлёзма китобнинг саҳифасига ўтказилган. Шу тарзда олдиндан чизилган чизгилар мўйқалам билан ишлов берилиб, тилла суви ҳамда турли минераллар ва ярим қимматбаҳо тошлардан олинган бўёқлар билан бўяб чиқилган. Баъзан нақшлар шунчалик нозик бўлар эдики, уларга ишлов бериш учун битта тукдан махсус мўйқалам тайёрланарди. Тилла суви юргизилган нақшлар қуритилганидан сўнг устидан ақиқ билан пардоз берилган.
Ниҳоят, саҳҳоф ёки муқовасоз варақларни йиғиб, китобни жилд ҳолига келтирган. Одатда уни папье-маше (элим, гипс ва бўр аралаштирилган қоғоз) ёки теридан тайёрлашган. Муқовада китобнинг номи кўрсатилмас, унинг ўрнига ҳашамдор, аксар ҳолларда тилла суви юргизилган босма нақш билан безатиларди. Хитой анъаналари таъсирида саҳҳофлар папье-машедан табақали нақшдор муқовалар тайёрлай бошлаганлар, уни устидан лок билан қоплашар эди.